Хусусан мамлакатимиздаги энг йирик электр станциялардан бири бўлган «Сирдарё иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятида бугунги кунда 581 нафар хотин-қизлар турли вазифаларда фаолият олиб боряпти. Станция раҳбарияти, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Касаба уюшмаси қўмитаси ва корхона ёшлар иттифоқи томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Намунали касбий маҳорати билан барчага ўрнак бўлган меҳнат фахрийларини шарафлаш аёл зотига эътибор қаратиш, ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш каби кенг кўламли ишлар замирида албатта она сиймоси ётади.

Матонатли ва шарафли касби орқали оиласини тебратаётган фидоий касб эгаси бўлган Зиёда Мирзабекова мана 13 йилдирки «Сирдарё ИEС» АЖ корхонасида оддий ишчи яъни фаррош бўлиб ишлаб келяпти. У ҳеч қачон бу касбидан нолимаган, чунки унинг аҳил жамоаси ва жонажон электр станцияси ҳаётининг бир бўлагига айланган дейиш мумкин.

— Мен ушбу касбим орқасидан қадр топдим, жамоада ҳурматим бор, — дейди, камтарин Зиёда опа. — 1990 йил 18 октябрда турмуш қурдим, 2009 йил маълум сабабларга кўра ушбу турмушимдан ажрашдим. Мен ҳаётимдан нолимайман чунки 4 та қизим ва 1 нафар ўғлим бор. Ҳозирда 3 та қизимни узатдим. Бугунги кунда ўғлим Тошкент солиқ фискал институтининг 1-босқич талабаси, кенжа фарзандим яъни Маҳлиё қизим ҳозирда Ширин шаҳар 3-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, 4 нафар набирам бор. Мен доим олға интилишга, ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишга ҳаракат қиламан. Бахтим, саодатим шу болаларим билан.

2009 йил 2 июлда «Сирдарё ИEС» АЖ корхонасининг маъмурий хўжалик бўлимига фаррош бўлиб ишга кирдим. Болалигимдан энг катта орзуларимдан бири она тили фани ўқитувчиси бўлиш эди. Аммо, ҳаёт ҳар доим ҳам сен истагандек бўлавермас экан. Лекин қайсидир маънода ўз жамоамда ўқитувчиман, — деб кулиб қўяди Зиёда опа. — Орзуларим рўёбини фарзандларимда кўраман. Катта қизим Зилола Ширин шаҳридаги 2-МТМда тарбиячиси бўлиб ишлайди. Иккинчи қизим Ситора шу станцияда турбина машинист кузатувчиси бўлиб ишлаб келяпти. Учинчи қизим Шаҳноза уй бекаси. Фарзандларим меҳнаткаш. Мен уларни мақташга ҳам ҳақлиман чунки уларни ҳам онаси ҳам отасиман. Ўғлим ўқишни тугатиб, солиқчи бўлади, ундан умидларим катта, менга доим ёрдам берган яхши инсонлар кўп бўлди. Мен уларни доим дуо қиламан. Улардан миннатдорман дейди, биз билан суҳбатдош Зиёда Мирзабекова.

Баъзида одамларнинг хатти-ҳаракатларидан таажжубланаман, чунки улар ўзлари яшаб турган ушбу заминга ҳурмат билан қарамайди, атроф-муҳитни ифлослантириш, чиқиндилар ташлашни оддий ҳол деб қарайди ва биз каби фаррошларга пастроқ назар билан қарайди. Аммо, биз каби фаррошлар бор экан уларнинг иш жойлари ҳамда она замин доимо мусаффо бўлиб келаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. Мен ушбу ватанда яшаётганимдан, севимли шаҳримда, ўзим севган касбим билан шуғулланаётганимдан ғурурланаман ва фахрланаман. Юртим равнақи унинг порлоқ келажаги учун оз бўлсада ҳиссам тегаётган бўлса, бу мен учун юксак мукофотдир дейди, Зиёда опа.

— Ўзларини фидокорона меҳнатлари ва намунали ҳаёт йўллари билан барчага ўрнак бўлаётган Зиёда опа каби фидоий, илғор тажрибага эга хотин-қизларимиз талайгина, — дейди корхона Касаба уюшма қўмитаси раиси Камола Мусаева. — Уларнинг қилаётган ишлари улғайиб бораётган ёшларга катта намуна бўляпти. Хотин-қизларни, шунингдек, меҳнат жамоаларида аёлларни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламини яъни боқувчисини йўқотган, ногирон ва ногиронлиги бор аёллар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларни моддий қўллаб-қувватлашни «Сирдарё ИEС» АЖ корхонаси касаба уюшмаси ўз олдига асосий мақсад қилиб олган.

ДОНИЁР Мамуров,

"Сирдарё ИЭС" АЖ Бош директорининг матбуот котиби-ахборот

сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси