Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига Қашқадарё вилояти, Нишон туманида яшовчи фуқаро Акбар Исроилов томонидан мурожаат келиб тушди.
Истеъмолчи 2020 йилнинг 12 август куни “Умид автолизинг” МЧЖ орқали муддатли тўлов эвазига “Spark” русумли автомобил харид қилиш мақсадида икки томонлама шартнома имзолайди.
Шартномага биноан, МЧЖ ҳисоб рақамига бошланғич тўлов сифатида 29.938.000 (йигирма тўққиз миллион тўққиз юз ўттиз саккиз минг) сўм тўловни амалга оширади. Машинани оладиган фурсат келиб, ўтиб кетса ҳамки, автоуловдан дарак бўлмаган.
Истеъмолчи бу борада бир неча маротаба тадбиркорга мурожаат қилганда, турли баҳоналар орқали улар ваъдасида турмаган, пулни ҳам шартнома муддати тугаган бўлсада, қайтариб беришни исташмаган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш натижалари юзасидан истеъмолчига етказилган зарарни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси бўйича ҳар бир кечиктирилган кун учун жаримаси билан қўшиб ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судига даъво аризаси киритилди. Бироқ, суд жараёни бошлангунга қадар 2021 йил 21 апрель куни “Умид Авто” МЧЖ га тўланган 29938000 (йигирма тўққиз миллион тўққиз юз ўттиз саккиз минг) сўм маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати