Тадбирда қайд этилишича, ўтган 2021 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жами 161 минг 433 та назорат тадбирлари ўтказилган, шундан 97 минг 487 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланди. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли қишлоқ хўжалиги корхоналарига 60 минг 878 та кўрсатма, 5 минг 996 та тақдимнома ва 133 минг 166 та огоҳнома киритилди.

Текшириш натижаларига кўра, ташкилот ва корхоналарнинг масъул мансабдор шахсларига нисбатан 30 минг 51 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, 5 млрд. 628 млн.сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди, 5 минг 127 та материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Жумладан, Сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонунбузилишлар юзасидан 5 минг 248 та ҳолатда 6 млрд. 316 млн сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди.

Агротехник тадбирларни ўтказиш устидан ўз вақтида назорат ўрнатилиши натижасида йил давомида 8 млрд. м3 дан ортиқ сув иқтисод қилинди. Қишлоқ хўжалиги экинларини кўллатиб суғориш, сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш ҳолатларини жойида бартараф этиш орқали 2,6 млрд.м3 сув ресурслари ортиқча исроф бўлишининг олди олинди.

Шунингдек, Техника ҳолатини назорат қилиш соҳасида Инспекция ахборот тизими Мажбурий ижро бюроси, Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиниб, қоғозда ахборот алмашиш, маълумот олиш, электрон шаклга ўтказилди. Жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун оммалашган электрон тўлов тизими орқали ҳақ тўлаш имконияти яратилди. Техникалар мулк эгаларига техник кўрик учун хабардор этишнинг электрон «СМС хабарнома» дастури ишга туширилди. Техник кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш учун 14 дона замонавий мобил техник кўрикдан ўтказиш жиҳозлари харид қилинди. Ахборот базасига киритилган 320 мингга яқин техникаларнинг 225 мингтаси ёки 71 фоизи техник кўрикдан ўтказилишига эришилди.

Йил давомида Республика бўйича жами 179 мингта техникага техник паспорт ва техник гувоҳнома, механизаторларга 36 мингта тракторчи-машинист гувоҳномаси янги ИД картали пластик шаклда берилди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш соҳасида 280 минг тонна дон экинлари, 57 минг тонна уруғлик чигит, 250 минг тонна картошка ва 35 минг тонна бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етиштирилиши, апробациядан ўтказилиши, қайта ишланиши ва хўжалик субъектларига сифатли уруғлик етказиб берилиши назоратга олинди.

2022 йил ҳосили учун сифатли, сара уруғлик тайёрлаш мақсадида 3 минг 777 нафар хўжаликнинг 121,3 минг гектар уруғлик пахта, 3 минг 172 нафар хўжаликнинг 93,6 минг гектар уруғлик ғалла, 310 нафар хўжаликнинг 4,9 минг гектар уруғлик шоли ва 3 минг гектар уруғлик картошка майдонларида дала апробация кўриги ўтказилиши устидан тизимли назорат ўрнатилди.

Натижада уруғлик талабларига жавоб бермайдиган 20,3 минг гектар уруғлик пахта, 17,7 минг гектар уруғлик ғалла, 857 гектар уруғлик шоли ва 86 гектар уруғлик картошка майдонлари аниқланиб, яроқсиз деб топилди ва уруғлик мақомидан чиқарилиши таъминланди.