Томонлар 12 июль куни бўлиб ўтган учрашувда Сурия ҳозирда жиддий муаммоларни бошдан кечираётган энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди.

“Шу доирада яқин келажакда Озарбайжон газини Туркия орқали Сурияга экспорт қилиш лойиҳаси амалга оширилиши, бу мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди”, дейилади хабарда.

Илҳом Алиев узоқ йиллардан буён Озарбайжонга нисбатан нодўстона сиёсат олиб борган Суриядаги аввалги ҳукумат даврида икки томонлама муносабатларда турғунлик кузатилганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Сурияда янги ҳукумат ўрнатилганидан кейин муносабатларни ривожлантириш учун катта истиқболлар очилган.

Аҳмад ал-Шараъа, аввалги ҳукумат Суриянинг кўплаб давлатлар, жумладан, Озарбайжон билан муносабатларига путур етказганини афсус билан қайд этди.

Бундан ташқари, томонлар Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларда реставрация ва қурилиш ишлари бўйича тажрибасини инобатга олган ҳолда, Озарбайжон Суриядаги тўқнашувдан кейинги даврда тикланиш жараёнига ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлашди, деб хабар беради tengrinews.kz.