Озарбайжоннинг ITV ижтимоий телеканалининг "Хайрли тонг, Озарбайжон" («Sabahın xeyr Azərbaycan») дастурида Ўзбекистон бой маданияти ва урф-одатлари, мамлакатимизда Наврўз байрамини нишонлаш анъаналарига бағишланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон элчихона кўмагида ташкил этилган кўрсатувда Наврўз айёмини нишонлашнинг асосий жиҳатлари, баҳор ва янгиланиш байрамини вилоятларимиз ва маҳаллаларда ўтказилиши ҳақида қизиқарли маълумот ва лавҳалар берилди.
Шу билан бирга, кўрсатув павильонида ўзбек миллий матолари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва кулолчилик буюмлари намойиш этилди. Ўзбекона баҳорий таомлар қўйилган дастурхон безатилди. Наврўзнинг шоҳ таоми сумалакни тайёрлаш ва чой узатиш маросими мисолида ўзбек урф-одатлари бошловчилар томонидан батафсил тушунтирилди.
Ўзбек миллий рақси — лазгининг намойиши теледастурнинг кулминацион нуқтаси бўлди.
Маълумот учун: ITV телеканали 2004 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Каналда ижтимоий йўналтирилган, тезкор ахборот дастурлари, реалити-шоулар, турли мавзулардаги тонгги кўрсатувлар намойиш этилади.
"Хайрли тонг Озарбайжон" теледастури ҳар куни эрталаб жонли тарзда эфирда узатилади.