18 декабрь, пайшанба куни Озарбайжон ўн йилликлар ичида биринчи марта Арманистонга нефть маҳсулотларини темир йўл орқали жўнатди. Бу мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди, деб хабар берди Euronews.

Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 1210 тонна AI-95 бензини 22 та темир йўл вагонларида Арманистонга жўнатилди. Юк Грузиядан транзит орқали юборилди.

Боку ва Ереван ёнилғи экспорти тинчликка эришишнинг иқтисодий фойдасини кўрсатувчи муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Томонлар, шунингдек, савдо алоқаларини янада кенгайтириш учун пойдевор сифатида темир йўл қатнови тикланишининг рамзий аҳамиятини таъкидлашди.

Ёнилғи етказиб бериш 28 ноябрь куни Озарбайжон шимоли-ғарбидаги Габала шаҳрида эришилган тинчлик келишуви натижасидир, ўшанда Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев арманистонлик ҳамкасби Мгер Григорян билан учрашган эди.

Ҳозирги вақтда Арманистон ёнилғининг 60 фоиздан ортиғини Россиядан импорт қилади – бу 2024 йилда 230 минг тонна бензин ва 175 минг тонна дизель ёнилғиси дегани, қолган қисми Эрон, Руминия, Мальта ва Туркиядан етказилади, деб хабар берди korrespondent.net.