Мустақил Ўзбекистон ҳам истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиш учун жаҳонга юз тутган ҳолда саъй-ҳаракат қилишни ўз олдига мақсад қилиб олганлиги юртимизнинг истиқболини белгилаб берди, десак айни ҳақиқатдир. Буни, айниқса, бевосита Ш.М.Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ишлар яққол тасдиқламоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йиллар мобайнида Республикамиз Президентининг ташаббуси билан мустақил Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари билан конструктив ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳолда ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўймоқда. Жумладан, охирги йилларда АҚШ, Россия, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Франция каби давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш учун ҳаракат қилинаётганлиги эвазига мамлакатимизда саноат, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан сингари соҳаларда жуда муҳим лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз келажаги ва истиқболини, иқтисодиётимиз равнақи ва юртдошларимиз турмуш фаровонлигини кўтаришни кўзлаб қилинаётганлиги эртанги кунга нисбатан ҳар биримизда катта ишонч билан боқиш туйғусини уйғотмоқда. Ана шу йўлда эришилаётган дастлабки ютуқлар эса, Президентимиз уқтираётгандек, ҳақли равишда мамлакатимизнинг бугунги салоҳиятига нисбатан Янги Ўзбекистон атамасини қўллаш имконини бермоқда.

Ваҳоланки, бугунги глобаллашув даврида давлатлараро ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини авж олдириш у ёки бу  давлатнинг менталитети, руҳий психологияси, иқтисодий мақсадлари бошқалариники билан муштарак бўлган ҳолдагина муввафаққиятли бўлади. Худди шу маънода нафақат Осиёда, балки бутун ер юзида қудратли иқтисодиёти, инновацион таълим салоҳияти ва илм-фани, замонавий технологиялари билан тан олинган Жанубий Корея давлати билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш дунёнинг исталган давлати учун ҳам жуда катта аҳамият касб этади. Дунё ҳамжамиятига дадил кириб боришни мақсад қилиб олган Ўзбекистон учун ҳам бу ҳол ғоят ибратлидир.  

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлаш стратегиясида Жанубий Корея билан  олиб борилаётган самарали  ташқи сиёсати алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунгача давлатларииз ўртасида қонунчилик миллий базасида 73 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган бўлиб, уларнинг 18 таси 2017-2021 йилларга тўғри келади. Бундан кўриниб турибдики, айниқса, охирги йиллар мобайнида Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари ўзининг юқори босқичига кўтарилмоқда.

Умуман олганда, дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Жанубий Корея Республикаси барча йўналишларда, хусусан,  ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам, халқаро масалаларда ҳам Ўзбекистоннинг синалган, ишончли стратегик ҳамкорига айланди. Ўз навбатида Ўзбекистон билан барча жабҳаларда кенг алоқаларни йўлга қўйиш Корея томони манфаатларига ҳам тўла мос келади. Бундан келиб чиққан ҳолда томонлар яқин ва узоқ истиқболда икки томонлама алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилишаётганлиги халқларимиз манфаатларини акс эттираётган уринишлар бўлаётганлиги диққатга сазовордир. Қолаверса, бу муносабатлар заминида бутун Осиё қитъасида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш, барқарор вазият қарор топтириш, тинчлик ва осойишталикка рахна солувчи кучларга биргаликда қарши курашиш муддаолари билан ҳам узвий боғлиқлиги минтақада истиқомат қилаётган барча халқлар ва давлатларнинг  туб манфаатлари билан мос тушиши ҳам эътиборга лойиқдир.

Айниқса, сўнгги йилларда Жанубий Корея Республикаси билан  мамлакатимизда олий таълимни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ҳамкорлик муносабатлари ушбу соҳани янги босқичга кўтаришда катта роль ўйнамоқда. Замонавий тараққиётнинг муҳим йўналишлари бўлган машинасозлик, электротехника, компьютер техникаси  ва ахборот технологиялари, архитектура ва шаҳарсозлик сингари соҳаларда мутахассис кадрларни тайёрлашда Жанубий Корея миллий таълимининг дунё тан олган тажрибасидан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилинаётганлиги юртимиз равнақи ва ривожини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Республикамиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шу йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига расмий ташрифи, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги ҳамда янада юксак ва янги босқичга кўтарилганлигини кўрсатди. Буни ташриф чоғида икки мамлакатнинг турли ишбилармон доиралари, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан имзоланган 20 дан ортиқ битим ва шартномалар мисолида кўришимиз мумкин.

Олий даражадаги учрашув чоғида мамлакатлар ўртасида иқтисодий тараққиёт масалаларида кўмаклашиш, саноатнинг кўпгина тармоқларида замонавий талаблар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ахборот технологияларини ривожлантиришга нисбатан эътиборни кучайтириш, замонавий шаҳарлар қурилишини оммалаштириш, яшил майдонлар сифати ва кўламини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш тизимини энг охирги намунадаги ускуналар билан таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан келишувларга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мамлакат билан ривожлантирилаётган ҳамкорлик алоқалари доирасида  бизнинг Фарғона политехника институтида ҳам юқорида таъкидланган йўналишлар бўйича Жанубий Корея Республикаси таълим муассасалари  билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва тажриба алмашиниш жараёнларига эътиборни кенгроқ жалб этиш замонавий кадрларни тайёрлашда катта аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблаймиз. Бу борада, хусусан, 2019 йилда Фарғона вилоятида Ўзбекистон-Жанубий Корея халқаро университетининг ташкил этилиши ҳар икки мамлакат ўртасидаги олий таълим тизимини ривожлантиришга нисбатан берилаётган катта эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.

Маълумки, ташриф чоғида Муҳтарам  Президентимиз икки мамлакат ўртасида яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турган асосий йўналишлар эканлигини таъкидладилар. Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқишни  таклиф этдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда биргаликда ташкил этилган Тўқимачилик технопарки ва Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маркази фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш давом эттирилади. Ўзбекистон Жанубий Кореянинг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар”, алоқа воситаларининг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдордир.  Шунингдек соғлиқни сақлаш, мактабгача ва олий таълим соҳаларида ҳам кенг ҳамкорлик қилинмоқда. Тиббиётда амалга оширилган илк йирик қўшма лойиҳа сифатида ўтган йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Болалар кўп тармоқли клиникасини алоҳида таъкидлаш мумкин. 

Жанубий Корея таълим модели дунёдаги энг илғор ва намунали тажрибалардан биридир. Айнан шу боис юртимиз мактабгача таълим тизими Жанубий Кореядаги ҳамкорларнинг илғор тажрибаси ва билимлари асосида тўлиқ ислоҳ қилинди. Бугунги кунда Фарғона политехника институтида ҳам республикада биринчилардан бўлиб, институтдаги lТ марказ фаолияти институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари учун янги ғояларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш майдони сифатида хизмат қилмоқда.

Институтимизда айни пайтда таълим даргоҳи фаолиятини бошқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилган электрон НЕМIS FARPI дастури жорий этилган. Дастурга кўра институтда административ ахборотларни бошқариш (30 та индикатор), академик ахборотларни бошқариш (18 та индикатор), илмий ахборотларни бошқариш (13 та индикатор) ҳамда молиявий ахборотларни бошқариш (5 та индикатор) жараёнлари электрон шаклга ўтказилган. Бунда ахборот тизимлари билан боғланиш интерфейс усулда институт бошқарув ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни қамраб олган ички шакли билан бирга уларнинг  ота-оналари билан боғланишни ҳам инобатга олган ташқи боғланиш шакли ҳамда давлат органлари ва бизнес ҳамкорлар билан ҳам боғланиш шаклларида ташкилланиши ҳисобга олинган. Табиийки, ушбу электрон бошқарув тизимини ташкил қилиш учун зарур бўладиган инфраструктура (тармоқ инфраструктураси, сервер инфраструктураси, маълумотлар базаси) ҳам яратилган.

Ҳозирда институтда кибер университет лойиҳаси тайёрланиб, ишга туширилиши устида иш олиб борилмоқда. Бунинг учун зарурий ҳужжатлар тайёрланиб, ўқув материаллари рақамлаштирилади. Мазкур вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида АТМ фаолиятининг моддий базаси мустаҳкамланади, ходимлар сафи ва салоҳияти оширилади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан биз ҳам четда турмаслигимиз зарурлигини чуқур англаган ҳолда меҳнат қилиш бугунги кун воқеилигининг муҳим талабидир. Зеро, бугунги барча ҳаракатларимиз келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ў.Р.Саломов,

ФарПИ ректори