Маросимда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Шуҳрат Ёвқочев, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зоҳиджон Исломов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда Акциядорлик тижорат “Алоқабанк” томонидан — “Aлоқабанк” раисининг ўринбосари Ҳасан Раҳматов, “Халқаро иқтисодий муносабатлар” департаменти кординатори Темур Жўраев, Матбуот хизмати раҳбари Зуҳра Юнусова иштирок этди.
Тадбир аввалида “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг амалий ифодаси сифатида таълим, фан ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Зеро, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни иш ўринлари билан таъминлашда ташкилотлар ўртасидаги яқин алоқалари ҳар қандай муаммога тўғри ва тезда ечим топишга кўмаклашиши табиий.
Айниқса, олий таълимда амалга оширилаётган илмий тадқиқотларнинг натижавийлиги, энг аввало, унинг амалиёт, яъни ишлаб чиқариш билан боғлиқлигига асосланади. Шу боис, Академия ва банк ўртасида имзоланган мазкур Меморандумда таълим муассасасининг тегишли ихтисосликдаги профессор-ўқитувчи ва мутахассис-олимлари томонидан олиб борилаётган илмий-технологик ишланмаларда банк-молия тизимидаги мавжуд муаммоларга устувор аҳамият қаратилиши ҳар икки соҳа тараққиётига хизмат қилиши таъкидланди.
— Бизнинг банкимиз аҳолига банк-молия соҳасида хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон Республикасида етакчилардан ҳисобланади, — дейди ўз сўзида “Aлоқабанк” раисининг ўринбосари Ҳасан Раҳматов. — Ҳозирда ҳамкорлик алоқаларимизни халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳам мустаҳкамлаш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Маълумки, юртимиз аҳолисининг асосий қисмини муқаддас ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ўзаро ҳамкорлигимиз банк-молия соҳасида ҳам ислом молиявий тамойилларини кенгроқ татбиқ этиш, бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганишимизда устувор аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросимида томонлар шу каби манфаатли жиҳатларга эътибор қаратишди. Айниқса, Акциядорлик тижорат “Алоқабанк” томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фаол талабалари ва илмий тадқиқотчилари учун махсус стипендия жорий этиш, хорижий давлатлар илмий тадқиқот марказларида ўқиш ва тажриба алмашинувларини молиялаштириш шунингдек, ҳамкорликда халқаро конференция ва семинарлар ўтказиш каби ташаббуслари ёш авлод камолоти ва юртимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Яна бир эътиборли жиҳати, банк томонидан Академияда тўлов-шартнома асосида ўқиётган изланувчан талабалари учун имтиёзли шартларда кредит маблағларини таклиф этишга тайёр экани хусусидаги келишув ҳам юртимизда инсон капиталига тобора устувор аҳамият қаратилаётганидан дарак.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликка асос бўлган Меморандумни тантанали имзолаш маросими якунига етгач, Акциядорлик тижорат “Алоқабанк” вакиллари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайховантаҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларини зиёрат қилишиб, катта таассурот олишди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати