Саксон ёшни қоралаётган онахоннинг олийгоҳга келиб, навқирон талабалар қаторида дарсларга қатнашганини эшитганмисиз? Андижонлик Ширинхон ая Солиевадан алла айтиш сирларини ўрганган талаба қизлар республикада ғолибликни қўлга киритиб, ойнаи жаҳонда ҳам кўриниш беришган. Онахон халқ қўшиқлари, лирик қўшиқлар, мотам аллаларини қадимий сўзлар, усуллар ва айнан қадимий куйлар билан ижро этади. Уларни эшитган ҳар қандай талабанинг халқ оғзаки ижодига қизиқиши ортади.

Филология фанлари доктори, профессор Салима Мирзаева ўз дарсларига Ширинхон аядан ташқари, ривоят, аския айтиб берадиган отахонларни ҳам тез-тез таклиф қилиб туради. Унинг ютуғи ҳам шунда. Ҳозиргача опадан фольклоршунослик бўйича таълим олган талабалар байрамларда қўнғироқ қилиб, “устоз, халқ оғзаки ижодига бизни шунақанги қизиқтиргансизки, ҳар бир дарсингизни қайтадан тинглагимиз келади,” дейишади.

2–3 йил аввал нукуслик бир йигит Андижон давлат университетига келиб, опа билан учрашар экан, унинг раҳбарлигида диссертация ёзиб, олим бўлмоқчи экани, докторантурага кириш нияти борлигини айтди. Салима опа унга “Қорақалпоғистон билан Андижон ўртасидаги масофани ўзингиз биласиз. Илмий иш қиламан десангиз, оилангизни олиб келинг, лоақал Тошкентга жойлашинг”, дейди. Шу гап билан нукуслик йигит докторантурага кирди. Салкам икки йилда “Ўзбек-қорақалпоқ халқ тез айтишлари типологияси” мавзусидаги диссертациясида икки тилдаги тез айтишларнинг бадииятлари, муштараклигини очиб берди.

Бухоролик шогирди Маҳбуба Раҳмонова эса, “Ўзбек халқ афсоналари поэтикаси” мавзусида иш олиб борди. Қарангки, қалбга илмдан бир шуъла тушган ва у соҳибининг юрган йўлини ёритиб турган бўлса, масофа кўзга кўринмас экан. Фольклоршунос олима шогирдларини ҳам олимлик мақомига эриштириш йўлида меҳнат қилмоқда. Зеро, олимлик, олималик шунчаки ҳавас билан юзага чиқадиган мақом эмас. У йиллар синовидан ўтиб, машаққатлар тарозисида тортилажак, меҳнатлар эвазига берилажак шарафдир. Шу боис бугун давлатимиз раҳбари илмга, илм йўлини тутганларга эҳтиром кўрсатиб, уларга барча шароитларни яратиб беришга жиддий эътибор қаратмоқда.

 

Устознинг устозлари

Салима Мирзаева Ўзбек адабиётшунослиги ва фольклоршунослигининг йирик дарғаларидан илмий маърузалар тинглаётган пайтидаёқ фольклоршунос олима бўлишга замин ярата бошлади.

Андижон давлат Педагогика институтида 1980 йилда чоп этилган “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслигининг муаллифларидан бири, филология фанлари доктори, профессор Ҳошимжон Раззоқовдан фольклор сабоқларини олган қаҳрамонимиз халқ оғзаки ижодига янада яқинлашди. Устози ҳар битта мавзуни ҳаётий мисоллар билан, Андижон фольклорига боғлаб ўтарди. Салима опа Ҳошимжон Раззоқов раҳбарлигида матбуотда бир неча мақолалар эълон қилди. Институтни битириб, шу ерда ишлай бошлаганидан сўнг фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Баҳодир Саримсоқов раҳбарлигида 1993 йилда “Ўзбек халқ афсун дуоларининг жанр хусусиятлари ва бадиияти” мавзусидаги номзодлик диссертациясини бошлади. Диссертацияда соф халқона ва диний дуоларнинг бадиияти аниқ очиб берилган. Олима кўп йиллик изланишлари самараси бўлган “Ўзбек халқ романик достонлари поэтикаси” мавзусидаги докторлик диссертацияси (2004)ни ҳам Баҳодир Саримсоқов раҳбарлигида ҳимоя қилган. Шу номда эълон қилинган монографик тадқиқоти (2004) шунингдек, турли йилларда чоп этилган юзга яқин назарий жиҳатдан бақувват мақолалари, юздан зиёд тезислари, ўндан ортиқ китоблар, битта электрон мультимедиали ишланма уни етук фольклоршунос сифатида элга танитди.

Салима опанинг бугунги муваффақиятида академик Тўра Мирзаев ҳам алоҳида ўрин тутади. Илмий ишлари борасида қимматли маслаҳатлар берган бу олимнинг фольклор тараққиётига қўшган ҳиссасини опа юксак қадрлайди. Шундай устозлар туфайли у 2010 йилда профессорлик даражасига эришиб, фольклоршуносликка қатор илмий янгиликлар олиб кирди.

Унинг сермаҳсул ижоди самараси сифатида яратилган “Муродхон достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари”, “Достонлардаги мифологик-мифопоэтик талқинлар”, “Ўзбек реалистик адабиётида фольклор анъаналари”, “Навоий ва Бобур ” сингари ўқув услубий қўлланмалари, “Ўзбегим ёр-ёрлари”, “Андижон лирик қўшиқлари” “Андижонча ёр-ёрлар”, “Алпомишга алла айтган момоларим”, “Осмондаги юлдузим — алла” номли китобларини талабалари севиб ўқишади. Чунки, ушбу китоблардан талабаларни экспедицияга олиб борилганда тўпланган бир-биридан қизиқ маълумотлар ўрин олган.

 

Муносиб шогирдлар камол топяпти

40 йиллик илмий–педагогик фаолияти давомида таълим тизимида баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Салима Мирзаева ҳамон талабалар даврасида изланишда, ёшларга дўст, тарбиячи ва меҳрибон устоз.

– Ёшларнинг халқ оғзаки ижодига меҳрини уйғотиш учун уларга болаликдан алла айтиш, халқ афсона ва ривоятлари билан таништириш керак, – дейди олима. – Жойларга экспедицияларга чиққанимизда талабаларга, биринчи навбатда, ана шу қишлоқнинг тарихи билан танишинглар, дейман. Яқинда Бешбанги қишлоғида бўлдик. Бунақа номлар жуда кўп учрайди. Ширмонбулоқ, Оқбулоқ, Оқтепа, Жалақудуқ, Тўрткўл каби кўплаб жой номларининг тарихини ўрганиш талабалар учун қизиқарли, албатта. Бизга айни шу қизиқиш, тарихни билишга интилиш керак. Зеро, ёшлар ўз юртининг, айниқса, туғилган жойининг ҳар қарич ери, инсонлари, уларнинг қадриятлари ҳам улуғлигини билиши керак. Шундагина улар ўзлари кўзлаган марраларни албатта забт эта олади.

 

Фольклорда янги қирралар очилади

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти халқ оғзаки ижодини ўрганиш, уни халқимизга етказиш борасида жуда катта ишларни амалга оширяпти. Маматқул Жўраев (марҳум) тайёрлашни бошлаган ўзбек халқ ижодиёти бўйича туркум китобларнинг 15 жилди чоп этилди. Бу билан халқимизнинг асрлар давомида тўпланган жуда катта бойлиги китобларга жамланади. Мана шу эзгу ишни эндиликда Жаббор Эшонқулов, Шомирза Турдимов, Олимжон Қаюмов сингари етук фольклоршунос олимлар давом эттирмоқда. Шунингдек, Б.Тўхлиев, Н.Раҳмоновлар рахбалигида олиб борилаётган катта фундаментал ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Аммо шуни ҳам айтиш жоизки, фольклорнинг ҳали ёзиб олинмаган, ўрганилмаган жиҳатлари ҳам жуда кўп.

Салима Мирзаева бу ҳақда кўп ўйлайди. Унинг “Ўзбек-рус халқ мақоллари типологияси”, “Ўзбек-қирғиз халқ эртаклари типологияси”, “Ўзбек-тожик халқ мақоллари типологияси” каби мавзуларда шогирдлари билан иш олиб бораётгани ҳам фикримиз исботидир. Зеро, мана шу халқлар ўртасидаги муштарак жиҳатларни ўрганиш ҳам фольклорнинг долзарб масалаларидан. Дарвоқе, олима бошчилигида фольклоршуносликка оид терминларнинг изоҳли луғати нашрга тайёрланяпти. Изланувчан шогирдларидан бири Ғайрат Холбўтаев эса “Водий аскиялари” номли китоби устида тадқиқот ишлари олиб боряпти. Бунинг учун у Андижонда хонободлик, қорасувлик, қўрғонтепалик, Фарғонада эса қўқонлик, олтиариқлик, марғилонлик аскиячилар билан учрашиб, бугунги кундаги янги аския мактаби шакллангани, унинг моҳиятини чуқур ёритишга киришган.

 “Юртимизда бахшичилик мактабларининг ташкил топаётгани, фестиваллар, ЮНЕСКО томонидан ўтказилаётган тадбирлар халқ оғзаки ижодига бўлган юксак ҳурматдан далолат. Бунга жавобан Салима Мирзаева каби фльклоршунослар янги-янги мавзулар, ҳали ўрганилмаган тадқиқотларга қўл уриб, фольклорнинг янги қирраларини очишга бел боғлашган. Айни пайтда унинг шогирдлари “Мустақиллик даври ўзбек эпосшунослигининг тараққиёт тенденциялари”, “Мустақиллик даври ўзбек ҳикоячилигидаги фольклоризмлар типологияси” каби мавзулар устида тадқиқот ишларини бошлаб юборишди. Насиб қилса, улар бу каби яна кўплаб мавзуларни чуқур ўрганиб, маънавий меросини қадрловчи халқимизга етказишга ҳисса қўшадилар. Зеро, ўзбек халқ оғзаки ижоди битмас, туганмас хазинадир.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири