Жумладан, Франция Республикаси савдо бўйича вазир-делегат Оливер Бешт билан учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, энергетика, сув таъминоти, иссиқлик таъминоти, геология ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан фикр алмашилди. Металл, кимёвий маҳсулотлар, шиша, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа товарларни, шу жумладан GSP+тизимининг қулайлик ва имтиёзларидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш бўйича ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтиришга келишиб олинди.

Франция тараққиёт агентлиги (FTA) Бош директори Реми Риу билан суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг юқори динамикаси қайд этилди. FTA нинг PROPARCO ва Expertise France бўлинмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришилди.

EDF компанияси раҳбарияти билан учрашувда компаниянинг Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидаги жорий лойиҳаларини амалга ошириш жараёни муҳокама этилди. Компания вакиллари Тошкент ва Навоий вилоятларида муқобил энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида жами қуввати 1 250 МВт бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини янада ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.

«SUEZ» директорлар Кенгаши раиси Сабрина Суссан билан учрашувда Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ташкилий жиҳатлари тўхталиб, бунда компания тажрибасини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида сув таъминоти тизимларини ривожлантиришга кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Компаниянинг шаҳарларда иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш ва қаттиқ чиқиндиларни бошқариш лойиҳаларида иштирок этишини назарда тутган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, «EIFFAGE» компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Яккабоғ - Қарши йўналиши бўйича магистраль сув қувурини ўтказиш лойиҳаси муҳокама этилди. Қувурнинг узунлиги 82 километр, сувни сақлаш учун 4 та сув ҳавзаси мавжуд. Томонлар лойиҳани жадал амалга ошириш чораларини кўришга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.