Мусиқанинг тугал асар шаклига келтирилиши, бир оҳанг орқали инсонга руҳий озуқа берадиган куйларнинг яратилиши бастакорлик ижодиёти билан боғлиқ. Унинг мазмуни халқ маънавий дунёсини замонга мутаносиб ҳолда акс эттириб, қайта тақдим этишдан иборат. Унда давр нафаси, халқ дунёқараши, руҳияти, фалсафаси, эътиқоди, эстетикаси каби жиҳатлар мукаммал уйғун бўлиши лозим.
Бастакорлик ижоди ва умуман, мусиқа санъатининг турли йўналишлари билан боғлиқ масалалар IХ-XVII асрларда яшаб ижод этган Ал-Киндий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий, Абдулқодир Мароғий, Абдураҳмон Жомий, Зайнулобиддин Ҳусайний, Нажмиддин Кавкабий, Дарвишали Чангий каби алломаларнинг мусиқа илмига оид рисолаларида баён этилган.
Қайд этилишича, мусиқа назарияси ва амалиёти азалдан ўзаро боғлиқ ҳолда шаклланиб келган. Марказий Осиё ҳудудида VI асрнинг иккинчи ярми ва VII асрнинг бошида яшаган афсонавий созанда ва бастакор Борбад Марвазийнинг ижрочилик мероси мусиқа ижодиётининг илк қадамлари сифатида эътироф этилади.
Амир Темур ҳамда темурийлар даври эса Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари мусиқа санъатининг ривожланган, яъни Уйғониш (Олтин) даври бўлгани бир неча тарихий манбаларда ўз исботини топган. Ушбу даврда илм-фан ҳар томонлама тараққий топди. Мусиқа санъатига хос барча йўналиш бир-бирига уйғун ҳолда ривожланди. Улар қаторида бастакорлик ижоди камолот даврини ўтади.
Темурийлар даври мусиқа маданияти ҳаёти Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Мажолис ун-нафоис”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Ҳолоти Ҳасан Ардашер” каби бебаҳо асарларида асосли ёритилган. Мусиқа ижодиёти доирасида бастакорликнинг турли жиҳатлари ҳар томонлама Навоий қарашлари билан таҳлил этилган.
XX асрга келиб, мусиқа илми янги оқимлар билан бойиди. Ўзбекистон мусиқа маданияти таркибида Европадан кўп овозли композиторлик ижоди ва ижрочилиги кириб келди. Узоқ ўтмишли, муайян шаклга эга ва аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган анъанавий бастакорлик ижодиёти эътибордан четда қолди. Шундай бўлса-да, ушбу йўналиш давом эттирилди, бастакорларнинг янги авлоди ўзидан олдинги ижодкорларнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда ўзига хос услубларни яратди.
Мусиқанинг ажойиб хусусиятларидан бири шундаки, у тил танламайди. Бир халқнинг дарди, қувончи, орзу-умидлари бошқа халқ юрагида ҳам акс садо беради. Шарқ мақомларидаги сокин оҳанглар билан Европа симфониясидаги улуғворлик бир-биридан узоқдек туюлса-да, аслида, иккаласи ҳам борлиқнинг чексизлигини ифодалайди. Шу сабаб мусиқа доимо маданиятлараро мулоқотнинг энг кучли воситаси бўлиб келган. У сиёсий чегараларни тан олмайди, мафкуралардан баландроқ туради ва вақтга бўйсунмай яшай олади.
Айнан мана шу — умумийлик ва миллийлик ўртасидаги нозик мувозанат асрлар давомида яшовчанлигини таъминлаб келди. XX аср бошида ана шу мувозанатни чуқур ҳис қилган ва уни ижодий мезонга айлантира олган профессионал композиторлар пайдо бўла бошлади. Рейнгольд Глиэр ана шундай санъаткорлардан бири эди. У мусиқани турли маданиятлар руҳини бирлаштира оладиган “юксак тил” сифатида англаб, бутун ижодини шу ғояга бўйсундирди. Шу сабаб Глиэр ижоди хусусида сўз юритиш, аввало, мусиқа моҳияти, унинг илм ва илҳом ўртасидаги нафис чегаралари ҳақида фикр юритиш демакдир.
Уқувсиз уста йигитнинг мафтункор мусиқа олами
Киевнинг машҳур Бессарабка ҳудудидаги Бассейная кўчасида — Клингенталь шаҳридан Украинага кўчиб келган немис фуқароси Мориц Глиэр оиласида 1875 йил 11 январда (янги ҳисоб бўйича) ўғил фарзанд дунёга келди. Меҳрибон ота-она унга Рейнгольд дея исм берди.
Оила бошлиғи отамерос касб — мусиқа ускуналари устачилиги билан шуғулланар, мис дамли чолғулар ясаш орқали оиласининг кам-кўстини таъминлар эди. У кичик устахонасини фахр билан “фабрика” деб атар, куннинг асосий қисмини шу “фабрика”да ўтказарди. Бўлажак бастакорнинг онаси — асли поляк наслидан келиб чиққан Жозефина Корчак ниҳоятда маърифатли аёл бўлиб, Рейнгольддан ташқари яна учта фарзанди — икки ўғли ҳамда қизи Цецилиянинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берарди.
Ота ўғилларида болалигиданоқ оилавий касбга муҳаббат уйғотиш учун “фабрика”да меҳнат қилишга ундар, бироқ Рейнгольдни чолғу асбобларини ясашдан кўра уларда ижро этиладиган мусиқа кўпроқ қизиқтирарди.
Ота-она болакайнинг қизиқишига қатъиян қарши чиқиб, уни бу фикридан қайтаришга уринади. Чунки оилага молиявий масалалар туфайли бир сўм ишлаб топиши ҳам даргумон бўлган ўртамиёна мусиқачи эмас, балки моҳир уста керак эди. Бундай тез-тез содир бўлувчи тушунмовчиликлар таъсирида бўлажак бастакорнинг феъл-атвори шакллана бошлади. Камгап бола хонасига қамалиб, ўз муаммоларини ҳеч ким билан бўлишгиси келмас, лекин шу билан бирга, доимо ўзининг бошқалар олдида нимага қодир эканини намоён этишга интиларди.
Тақиқларга қарамай, Рейнгольд ўз орзуси сари қатъият билан ҳаракат қилди. Ўн ёшида уни гимназияга жойлаштиришганда ота-онасидан яширинча илк бор скрипкани қўлига олди ва ниҳоятда арзон ҳақ эвазига ушбу чолғуни ўргатувчи устозни топди. Глиэрнинг дастлабки мусиқа муаллимларидан бири кекса ҳаваскор скрипкачи бўлса, кейингиси мусиқа билим юрти талабаси бўлди.
Яқинларининг хоҳишларига қарши чиқиш баробарида имтиҳонлар учун тўхтовсиз ўқиб, изланган ёш мусиқачи 1891 йилда мусиқа билим юртига ўқишга кирди ва ажойиб педагог — чех скрипкачиси Шевчик синфида таҳсил ола бошлади. Бир йил ўтиб эса Рейнгольд ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди: Чайковский гастроль сафари билан Киевга келди. Машҳур бастакорнинг чиқишларини ташкил Мусиқанинг
этиш Рус мусиқа жамияти зиммасида эди, улар мусиқа билим юртини ҳам бошқарарди. Ёш Глиэр бир неча талабалар қаторида даҳо устознинг концертига контрамарка (тадбирга кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат) олиш шарафига муяссар бўлди.
Буюк бастакор Чайковский дирижёрлик қилган, тингловчилар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган “1812 йил увертюраси”, шунингдек, бастакор билан қисқа учрашув ёш мусиқачида унутилмас ёрқин таассуротлар қолдирди. Бу ҳайрат унинг кейинги тақдирини белгилаб берди: Рейнгольдда бастакор бўлиш орзуси туғилди.
Глиэр композиция билан кўпроқ шуғуллана бошлади. Мусиқий концертлар, опера ва балет томошаларига тез-тез борадиган бўлди. Бундан ташқари, йигитча ўз олдига қўйган вазифани ҳал этиш учун жуда билимли инсон бўлиши кераклигини англарди. Шу боис, у классик адабиётни завқу шавқ билан мутолаа қилар, француз тилини тиришқоқлик билан ўрганарди (немис ва поляк тилларини унга ота-онаси ўргатган эди). Ўз режаларини тезроқ рўёбга чиқариш истаги йигитни 1894 йилда Москва консерваториясига ўқишга киришга ундади. Кўнгил алдамади, консерватория йигитча учун навбатдаги ижодий эталон вазифасини ўтади.
Ижодкор 1900 йили олтин медаль билан тугатган консерваторияда ўтказган йилларини доимо илиқлик билан хотирлар эди. Бироқ бастакорнинг ҳаётидаги бу давр унинг учун қадрли бўлган инсонларнинг вафоти туфайли бир неча бор қайғуга ҳам солди. Дастлаб Глиэрнинг бобоси оламдан ўтди. Сўнг 1896 йилда отаси, 1899 йилда эса опаси Цецилия фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди.
1901 йилда Елена Гнесинанинг опа-сингиллари Глиэрни ўзининг хусусий мусиқа мактабида назарий фанлар ўқитувчиси сифатида ишлашга таклиф қилди. Шундай қилиб, бастакор ва Мусиқа педагогика институти (ҳозирги Россия мусиқа академияси) асосчилари ўртасида нафақат узоқ муддатли ҳамкорлик, балки мустаҳкам дўстлик ҳам пайдо бўлди. Айнан шу таълим муассасасида Рейнгольд муҳаббатини топди: у дастлаб шогирдларидан бири бўлган, кейинчалик эса 1904 йилда турмуш ўртоғига айланган мафтункор қиз Мария Ренквист билан танишди.
Рейнгольднинг кейинги йилларда кечган ҳаётини композиторнинг ижодий юксалиши даври деб таърифлаш мумкин. Ватанига қайтгач, Глиэр 1909 йил июлида Киeвда дирижёр сифатида илк бор чиқиш қилди. Бир йилдан сўнг, февралда эса Мусиқа жамияти йиғинида иккинчи симфониясини ижро этиб, муваффақиятини янада мустаҳкамлади. Таниқли “Юргенсон” мусиқа нашриёти бастакор қаламига мансуб барча асарларни нашр қила бошлади.
1912 йилда Глиэрнинг учинчи симфонияси — “Илья Муромец”нинг тантанали премьераси бўлиб ўтди. Орадан бир муддат ўтгач, у “Сиреналар” номли симфоник оркестрига ёзилган поэмаси учун Глинка номидаги мукофотни иккинчи бор қўлга киритди. 1913 йилда бастакор Киевда янги ташкил этилган консерваторияда назарий фанлар ва композиция бўйича профессор лавозимини эгаллаш таклифини мамнуният билан қабул қилди. Бир йил ўтгач эса умумий йиғилишда у консерватория директори этиб сайланди.
Глиэрнинг ҳаёти ва ижоди ўзи истагандек тасодифларга, кутилмаган вазиятларга бой бўлди. 1923 йилда Глиэр Озарбайжон ҳукуматининг таклифига биноан Озарбайжон халқи ижодини яқиндан ўрганиш мақсадида Бокуга келди ва шу кундан эътиборан қалбидан Шарқ мусиқаси нафосати мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу ижодий сафарнинг самараси ўлароқ, Озарбайжон халқ қўшиқлари асосида “Шоҳсанам” операси яратилди.
Сермаҳсул ижоднинг
кенг уфқлари
Глиэр турли халқлар мусиқий тафаккурини ўрганишга мойиллиги, фольклордаги қадим оҳангларни симфоник ва саҳнавий жанрларга сингдириш тажрибаси билан бошқа бастакорлардан ажралиб турарди. Айнан шу жиҳати уни ўзбек мусиқаси билан ишлаш учун энг муносиб композиторлардан бирига айлантирди.
1930-1940 йиллар Рейнгольд Глиэр ижодида Ўзбекистон билан боғлиқ энг баракали ва мазмунли давр бўлди. Бу йилларда у ўзбек мусиқий муҳитига ташқаридан қаровчи бастакор эмас, балки миллий санъатнинг ички руҳиятини англашга интилган ижодкор сифатида фаолият юритди. Шарқона оҳанг, халқ куйларининг табиий ритми, ўзбек мусиқасига хос драматик ифода услублари унинг эътибори марказида бўлди. Глиэр ушбу хусусиятларни Европа классик мусиқа шакллари билан уйғунлаштириб, янги бадиий сифат ҳосил қилишга интилди.
Вақт ўтиб боргани сари Глиэр ўзбек бастакорлари билан янада яқин ҳамкорлик қила бошлади. 1936 йилда Тўхтасин Жалилов ва Толиб Содиқов билан биргаликда яратилган “Гулсара” мусиқий драмаси миллий мусиқа ва саҳна санъатининг навбатдаги босқичини бошлаб берди. Унда халқ куйларига асосланган мусиқий материаллар макон билан уйғунлашиб, томошабин дилига яқин ва таъсирчан бадиий тил вужудга келди.
“Гулсара” мусиқали драмаси 1936 йилда саҳналаштирилган бўлса-да, аслида, у композитор ва драматург Комил Яшиннинг 1930-йиллар бошида яратилган ва кейинчалик қайта ишланган муҳим асарларидан бири бўлиб, Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузуридаги мусиқа театри томонидан саҳналаштирилган.
Асар дастлабки вариантида ўша давр ўзбек саҳна санъати учун долзарб бўлган ижтимоий ва маънавий масалаларни ёритишга қаратилган бўлиб, кейинчалик вақт талаблари, саҳна тажрибаси ва ижодий изланишлар таъсирида бир неча бор қайта ишланди. Айнан шу қайта ишлаш жараёнлари “Гулсара”ни шаклан ва мазмунан етук мусиқали драма даражасига олиб чиқди.
Тарихий нуқтаи назардан қаралганда, “Гулсара” ўзбек миллий мусиқали драмаси ривожланишида бурилиш ясаган асарлардан биридир. У миллий саҳна санъатини профессионал даражага кўтариш борасида муҳим тажриба вазифасини ўтади. Кейинги йилларда яратилган кўплаб мусиқали драмалар ва опералар айнан шу асар очиб берган йўлдан борди.
“Гулсара” операси юқоридаги мусиқий драма сингари, ўзбек аёлининг тубанликдан юз буриб, ҳурриятга интилиши мавзуси билан боғлиқ. Асарнинг қисқача мазмуни шундан иборатки, ёш жувон Гулсара ўз эри, илғор ишчи Қодир таъсирида паранжисини ташлаб, ўқишга киришга қарор қилади. Лекин бу режаси Гулсаранинг калтабин отаси — Иброҳимнинг қаршилигига учрайди. Опера қизини отасининг зулмидан ҳимоя қилмоқчи бўлган қаҳрамоннинг онаси — Ойсаранинг мудҳиш ўлими билан тугайди. Гулсара Иброҳимнинг қўлидан қутулиб чиқиб, майдонга югуради ва барча аёлларни янги ҳаёт учун курашга чорлайди.
Албатта, спектакль мазмунини 40-йиллар охиридаги томошабин асар ўн икки йил аввал биринчи бор саҳналаштирилганидан бир оз бошқача қабул қилади. Ваҳшиёна мутаассиблик ҳам, паранжи ташлагани учун ўч олиш ҳам ўтмишда қолиб кетган эди. Лекин эскича тушунчалар, хусусан, аёлларга “совуқ” муносабат, уларнинг иқтидорини писанд қилмаслик ҳали ҳаётда учраб турарди. Шунинг учун бундай иллатларга қарши кураш ўз долзарблигини йўқотмаган эди.
Либретто муаллифлари Комил Яшин ва Музаффар Муҳамедов яхлит, изчил ривожланган воқеликни яратишга муваффақ бўлди. Айниқса, бош қаҳрамон образи тўлақонли чиққан. Операнинг бошланишида у заиф ва итоаткор, бечора кўринса-да, асар сўнгида жабру жафолар туфайли ўтмиш сарқитларига қарши очиқ, шиддатли кураш олиб боради. Опера асосидаги мусиқа намуналари Глиэр қайта ишлаган куйлардан ташкил топгани боис, асар катта муваффақият қозонди.
Мусиқий тафаккур соҳиби
1916 йил 30 декабрда Тошкент шаҳридаги “Колизей” театрида Озарбайжоннинг машҳур режиссёри Сидқий Руҳилло бошчилигида Фузулий достони асосида “Лайли ва Мажнун” мусиқий драма (опера)си намойиш этилади. Асар либреттосини озарбайжончадан ўзбекчага Авлоний ўгиради. Асосий ролларни Сидқий Руҳилло (Мажнун), Дуррияхоним (Лайли), Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаeв, Фарид Тоҳирий, Юсуф Алиeв ижро этади. Миён Бузрук Солиҳовнинг “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” асарида келтирилишича, ушбу спектаклда илк ўзбек актрисаси Маъсума Қориева ҳам қатнашган.
Шундан сўнг ўзбек бастакорлари, композиторлари ҳамда драматурглари Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонига қўл уради. Мусиқали драма жанри анъаналарига мувофиқ, саҳна асари халқчил, миллий руҳ касб этган ҳолда басталанади. “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасининг биринчи варианти 1922 йили Маннон Уйғур томонидан Фарғона театрида саҳналаштирилади. Бир йил ўтиб, Тошкентдаги “Томоша боғи” театрида қўйилади. 1922 йилдан 1933 йилга қадар “Лайли ва Мажнун” республика ва ҳаваскорлик театрларида айнан биринчи вариантда мухлисларга тақдим этиб келинади. 1933 йили “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасининг иккинчи вариантдаги мусиқасини Толиб Содиқов устозининг маслаҳатларига таяниб қайта басталайди.
Бу даврда ўзбек бастакор ва композиторлари мусиқали драма мусиқасининг ифодавий имкониятларини кенгайтирди. “Лайли ва Мажнун” кейинчалик ҳам бир неча маротаба таҳрирдан ўтказилди. Аввалги мусиқий номерлар сақланиб, сайқалланди. Бу вариантда аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ўзбек халқ мусиқа меросидан ташқари янги басталанган айрим речитативлар, кўп овозли хор номерлари киритилди. Ижрога симфоник оркестр чолғу созларидан скрипка, виолончель, контрабас, флейта, гобой, кларнет ва литавра қўшилди. Ушбу спектаклни истеъдодли режиссёр Музаффар Муҳамедов саҳналаштирди. Моҳир рассом Шоназар Шораҳимов саҳнавий декорация ва тасвирларини ишлади.
1940 йилда сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик тантаналари арафасида “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасини опералаштириш учун Рейнгольд Глиэр Толибжон Содиқов билан ҳамкорликда, Хуршид либреттоси асосида йирик саҳна асарини ёзиб тугатди. Опера йиллар давомида қайта-қайта таҳрирланиб, бу ижодий жараёнга бастакор Фахриддин Содиқов ҳам жалб этилди. Натижада Толиб Содиқов, Рейнгольд Глиэр, Фахриддин Содиқов учлигида мукаммал асар пайдо бўлди.
Глиэр ижоди фақат саҳна асарлари билангина чекланиб қолмади. У “Алишер Навоий” фильмига мусиқа ёзиб, ўзбек адабий меросининг буюк сиймосига бағишланган киноасар руҳини мусиқий жиҳатдан бойитди. Шунингдек, ўзбек халқ куйлари асосида яратилган “Тантанавор” ва “Фарғона байрами” симфоник увертюралари орқали миллий мусиқани симфоник жанрга олиб чиқди. Бундан ташқари, у ўзбек мавзусига бағишланган қатор романслар ва бошқа мусиқий асарлар ҳам яратди.
Умуман олганда, Глиэрнинг ўзбек миллий мусиқаси учун яратган ижод намуналари халқ мусиқа меросига чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёндашгани билан ажралиб туради. Фольклор унсурларидан ўзбек бадиий тафаккурининг асосий манбаи сифатида фойдалангани учун унга 1937 йили “Ўзбекистон халқ санъаткори” унвони тақдим этилди. Шу тариқа Рейнгольд Глиэр ўзбек мусиқаси тарихи саҳифаларида нафақат ижодкор, балки миллий меросга фидойилик ва ҳурмат намунасини кўрсатган шахс сифатида ўчмас из қолдирди. Унинг асарлари бугун ҳам ўзбек мусиқасининг ривожланиш йўлини тасвирлайдиган, янги авлод мусиқачиларига илҳом берадиган муҳим манбалардан бири сифатида қадрланмоқда.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири