Мусиқанинг тугал асар шаклига келтирилиши, бир оҳанг орқали инсонга руҳий озуқа берадиган куйларнинг яратилиши бастакорлик ижодиёти билан боғлиқ. Унинг мазмуни халқ маънавий дунёсини замонга мутаносиб ҳолда акс эттириб, қайта тақдим этишдан иборат. Унда давр нафаси, халқ дунёқараши, руҳияти, фалсафаси, эътиқоди, эстетикаси каби жиҳатлар мукаммал уйғун бўлиши лозим.

Бастакорлик ижоди ва умуман, мусиқа санъатининг турли йўналишлари билан боғ­лиқ масалалар IХ-XVII асрларда яшаб ижод этган Ал-Киндий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Са­фиуддин Урмавий, Абдулқодир Мароғий, Аб­дураҳмон Жомий, Зайнулобиддин Ҳусайний, Нажмиддин Кавкабий, Дарвишали Чангий каби алломаларнинг мусиқа илмига оид ри­солаларида баён этилган.

Қайд этилишича, мусиқа назарияси ва амалиёти азалдан ўзаро боғлиқ ҳолда шакл­ланиб келган. Марказий Осиё ҳудудида VI асрнинг иккинчи ярми ва VII асрнинг бошида яшаган афсонавий созанда ва бастакор Бор­бад Марвазийнинг ижрочилик мероси муси­қа ижодиётининг илк қадамлари сифатида эътироф этилади.

Амир Темур ҳамда темурийлар даври эса Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари мусиқа санъатининг ривожланган, яъни Уйғониш (Олтин) даври бўлгани бир неча тарихий манбаларда ўз исботини топган. Ушбу даврда илм-фан ҳар томонлама тараққий топди. Мусиқа санъатига хос барча йўна­лиш бир-бирига уйғун ҳолда ривожланди. Улар қаторида бастакорлик ижоди камолот даврини ўтади.

Темурийлар даври мусиқа маданияти ҳаё­ти Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Мажолис ун-нафоис”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Ҳолоти Ҳа­сан Ардашер” каби бебаҳо асарларида асосли ёритилган. Мусиқа ижодиёти доирасида бас­такорликнинг турли жиҳатлари ҳар томонла­ма Навоий қарашлари билан таҳлил этилган.

XX асрга келиб, мусиқа илми янги оқим­лар билан бойиди. Ўзбекистон мусиқа ма­данияти таркибида Европадан кўп овозли композиторлик ижоди ва ижрочилиги кириб келди. Узоқ ўтмишли, муайян шаклга эга ва аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган анъанавий бастакорлик ижодиёти эътибор­дан четда қолди. Шундай бўлса-да, ушбу йўналиш давом эттирилди, бастакорларнинг янги авлоди ўзидан олдинги ижодкорларнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда ўзига хос услубларни яратди.

Мусиқанинг ажойиб хусусиятларидан бири шундаки, у тил танламайди. Бир халқ­нинг дарди, қувончи, орзу-умидлари бошқа халқ юрагида ҳам акс садо беради. Шарқ мақомларидаги сокин оҳанглар билан Евро­па симфониясидаги улуғворлик бир-биридан узоқдек туюлса-да, аслида, иккаласи ҳам борлиқнинг чексизлигини ифодалайди. Шу сабаб мусиқа доимо маданиятлараро муло­қотнинг энг кучли воситаси бўлиб келган. У сиёсий чегараларни тан олмайди, мафкура­лардан баландроқ туради ва вақтга бўйсун­май яшай олади.

Айнан мана шу — умумийлик ва мил­лийлик ўртасидаги нозик мувозанат аср­лар давомида яшовчанлигини таъминлаб келди. XX аср бошида ана шу мувозанат­ни чуқур ҳис қилган ва уни ижодий мезон­га айлантира олган профессионал компо­зиторлар пайдо бўла бошлади. Рейнгольд Глиэр ана шундай санъаткорлардан бири эди. У мусиқани турли маданиятлар ру­ҳини бирлаштира оладиган “юксак тил” сифатида англаб, бутун ижодини шу ғоя­га бўйсундирди. Шу сабаб Глиэр ижоди хусусида сўз юритиш, аввало, мусиқа моҳияти, унинг илм ва илҳом ўртасидаги нафис чегаралари ҳақида фикр юритиш демакдир.

Уқувсиз уста йигитнинг мафтункор мусиқа олами

Киевнинг машҳур Бессарабка ҳудудидаги Бассейная кўчасида — Клингенталь шаҳри­дан Украинага кўчиб келган немис фуқароси Мориц Глиэр оиласида 1875 йил 11 январда (янги ҳисоб бўйича) ўғил фарзанд дунёга келди. Меҳрибон ота-она унга Рейнгольд дея исм берди.

Оила бошлиғи отамерос касб — мусиқа ускуналари устачилиги билан шуғулланар, мис дамли чолғулар ясаш орқали оиласининг кам-кўстини таъминлар эди. У кичик уста­хонасини фахр билан “фабрика” деб атар, куннинг асосий қисмини шу “фабрика”да ўтказарди. Бўлажак бастакорнинг онаси — асли поляк наслидан келиб чиққан Жозефи­на Корчак ниҳоятда маърифатли аёл бўлиб, Рейнгольддан ташқари яна учта фарзанди — икки ўғли ҳамда қизи Цецилиянинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берарди.

Ота ўғилларида болалигиданоқ оилавий касбга муҳаббат уйғотиш учун “фабрика”да меҳнат қилишга ундар, бироқ Рейнгольдни чолғу асбобларини ясашдан кўра уларда ижро этиладиган мусиқа кўпроқ қизиқти­рарди.

Ота-она болакайнинг қизиқишига қатъиян қарши чиқиб, уни бу фикридан қайтаришга уринади. Чунки оилага молиявий масалалар туфайли бир сўм ишлаб топиши ҳам даргу­мон бўлган ўртамиёна мусиқачи эмас, балки моҳир уста керак эди. Бундай тез-тез содир бўлувчи тушунмовчиликлар таъсирида бў­лажак бастакорнинг феъл-атвори шакллана бошлади. Камгап бола хонасига қамалиб, ўз муаммоларини ҳеч ким билан бўлишгиси келмас, лекин шу билан бирга, доимо ўзи­нинг бошқалар олдида нимага қодир эканини намоён этишга интиларди.

Тақиқларга қарамай, Рейнгольд ўз орзуси сари қатъият билан ҳаракат қилди. Ўн ёшида уни гимназияга жойлаштиришганда ота-она­сидан яширинча илк бор скрипкани қўлига олди ва ниҳоятда арзон ҳақ эвазига ушбу чолғуни ўргатувчи устозни топди. Глиэрнинг дастлабки мусиқа муаллимларидан бири кек­са ҳаваскор скрипкачи бўлса, кейингиси му­сиқа билим юрти талабаси бўлди.

Яқинларининг хоҳишларига қарши чиқиш баробарида имтиҳонлар учун тўхтовсиз ўқиб, изланган ёш мусиқачи 1891 йилда мусиқа би­лим юртига ўқишга кирди ва ажойиб педагог — чех скрипкачиси Шевчик синфида таҳсил ола бошлади. Бир йил ўтиб эса Рейнгольд ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди: Чайковс­кий гастроль сафари билан Киевга келди. Машҳур бастакорнинг чиқишларини ташкил Мусиқанинг

этиш Рус мусиқа жамияти зиммасида эди, улар мусиқа билим юртини ҳам бошқарарди. Ёш Глиэр бир неча талабалар қаторида даҳо устознинг концертига контрамарка (тадбирга кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат) олиш шарафига муяссар бўлди.

Буюк бастакор Чайковский дирижёрлик қилган, тингловчилар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган “1812 йил увертюраси”, шунингдек, бастакор билан қисқа учрашув ёш мусиқачида унутилмас ёр­қин таассуротлар қолдирди. Бу ҳайрат унинг кейинги тақдирини белгилаб берди: Рейн­гольдда бастакор бўлиш орзуси туғилди.

Глиэр композиция билан кўпроқ шуғулла­на бошлади. Мусиқий концертлар, опера ва балет томошаларига тез-тез борадиган бўлди. Бундан ташқари, йигитча ўз олдига қўйган вазифани ҳал этиш учун жуда билимли ин­сон бўлиши кераклигини англарди. Шу боис, у классик адабиётни завқу шавқ билан му­толаа қилар, француз тилини тиришқоқлик билан ўрганарди (немис ва поляк тилларини унга ота-онаси ўргатган эди). Ўз режаларини тезроқ рўёбга чиқариш истаги йигитни 1894 йилда Москва консерваториясига ўқишга ки­ришга ундади. Кўнгил алдамади, консервато­рия йигитча учун навбатдаги ижодий эталон вазифасини ўтади.

Ижодкор 1900 йили олтин медаль билан тугатган консерваторияда ўтказган йиллари­ни доимо илиқлик билан хотирлар эди. Бироқ бастакорнинг ҳаётидаги бу давр унинг учун қадрли бўлган инсонларнинг вафоти туфай­ли бир неча бор қайғуга ҳам солди. Дастлаб Глиэрнинг бобоси оламдан ўтди. Сўнг 1896 йилда отаси, 1899 йилда эса опаси Цецилия фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди.

1901 йилда Елена Гнесинанинг опа-син­гиллари Глиэрни ўзининг хусусий мусиқа мактабида назарий фанлар ўқитувчиси сифа­тида ишлашга таклиф қилди. Шундай қилиб, бастакор ва Мусиқа педагогика институти (ҳозирги Россия мусиқа академияси) асос­чилари ўртасида нафақат узоқ муддатли ҳам­корлик, балки мустаҳкам дўстлик ҳам пайдо бўлди. Айнан шу таълим муассасасида Рейн­гольд муҳаббатини топди: у дастлаб шогирд­ларидан бири бўлган, кейинчалик эса 1904 йилда турмуш ўртоғига айланган мафтункор қиз Мария Ренквист билан танишди.

Рейнгольднинг кейинги йилларда кечган ҳаётини композиторнинг ижодий юксалиши даври деб таърифлаш мумкин. Ватанига қайт­гач, Глиэр 1909 йил июлида Киeвда дирижёр сифатида илк бор чиқиш қилди. Бир йилдан сўнг, февралда эса Мусиқа жамияти йиғинида иккинчи симфониясини ижро этиб, муваффа­қиятини янада мустаҳкамлади. Таниқли “Юр­генсон” мусиқа нашриёти бастакор қаламига мансуб барча асарларни нашр қила бошлади.

1912 йилда Глиэрнинг учинчи симфония­си — “Илья Муромец”нинг тантанали премь­ераси бўлиб ўтди. Орадан бир муддат ўтгач, у “Сиреналар” номли симфоник оркестрига ёзилган поэмаси учун Глинка номидаги му­кофотни иккинчи бор қўлга киритди. 1913 йилда бастакор Киевда янги ташкил этилган консерваторияда назарий фанлар ва компози­ция бўйича профессор лавозимини эгаллаш таклифини мамнуният билан қабул қилди. Бир йил ўтгач эса умумий йиғилишда у кон­серватория директори этиб сайланди.

Глиэрнинг ҳаёти ва ижоди ўзи истагандек тасодифларга, кутилмаган вазиятларга бой бўлди. 1923 йилда Глиэр Озарбайжон ҳу­куматининг таклифига биноан Озарбайжон халқи ижодини яқиндан ўрганиш мақсадида Бокуга келди ва шу кундан эътиборан қал­бидан Шарқ мусиқаси нафосати мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу ижодий сафарнинг самара­си ўлароқ, Озарбайжон халқ қўшиқлари асо­сида “Шоҳсанам” операси яратилди.

Сермаҳсул ижоднинг

кенг уфқлари

Глиэр турли халқлар мусиқий тафаккурини ўрганишга мойиллиги, фольклордаги қадим оҳангларни симфоник ва саҳнавий жанрларга сингдириш тажрибаси билан бошқа бастакор­лардан ажралиб турарди. Айнан шу жиҳати уни ўзбек мусиқаси билан ишлаш учун энг му­носиб композиторлардан бирига айлантирди.

1930-1940 йиллар Рейнгольд Глиэр ижо­дида Ўзбекистон билан боғлиқ энг баракали ва мазмунли давр бўлди. Бу йилларда у ўз­бек мусиқий муҳитига ташқаридан қаровчи бастакор эмас, балки миллий санъатнинг ички руҳиятини англашга интилган ижодкор сифатида фаолият юритди. Шарқона оҳанг, халқ куйларининг табиий ритми, ўзбек муси­қасига хос драматик ифода услублари унинг эътибори марказида бўлди. Глиэр ушбу хусу­сиятларни Европа классик мусиқа шакллари билан уйғунлаштириб, янги бадиий сифат ҳосил қилишга интилди.

Вақт ўтиб боргани сари Глиэр ўзбек бас­такорлари билан янада яқин ҳамкорлик қила бошлади. 1936 йилда Тўхтасин Жалилов ва Толиб Содиқов билан биргаликда яратилган “Гулсара” мусиқий драмаси миллий мусиқа ва саҳна санъатининг навбатдаги босқичини бошлаб берди. Унда халқ куйларига асослан­ган мусиқий материаллар макон билан уйғун­лашиб, томошабин дилига яқин ва таъсирчан бадиий тил вужудга келди.

“Гулсара” мусиқали драмаси 1936 йил­да саҳналаштирилган бўлса-да, аслида, у композитор ва драматург Комил Яшиннинг 1930-йиллар бошида яратилган ва кейинча­лик қайта ишланган муҳим асарларидан бири бўлиб, Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузуридаги мусиқа театри томонидан саҳна­лаштирилган.

Асар дастлабки вариантида ўша давр ўз­бек саҳна санъати учун долзарб бўлган иж­тимоий ва маънавий масалаларни ёритишга қаратилган бўлиб, кейинчалик вақт талабла­ри, саҳна тажрибаси ва ижодий изланишлар таъсирида бир неча бор қайта ишланди. Ай­нан шу қайта ишлаш жараёнлари “Гулсара”­ни шаклан ва мазмунан етук мусиқали драма даражасига олиб чиқди.

Тарихий нуқтаи назардан қаралганда, “Гул­сара” ўзбек миллий мусиқали драмаси ривож­ланишида бурилиш ясаган асарлардан бири­дир. У миллий саҳна санъатини профессионал даражага кўтариш борасида муҳим тажриба вазифасини ўтади. Кейинги йилларда яратил­ган кўплаб мусиқали драмалар ва опералар айнан шу асар очиб берган йўлдан борди.

“Гулсара” операси юқоридаги мусиқий драма сингари, ўзбек аёлининг тубанликдан юз буриб, ҳурриятга интилиши мавзуси би­лан боғлиқ. Асарнинг қисқача мазмуни шун­дан иборатки, ёш жувон Гулсара ўз эри, илғор ишчи Қодир таъсирида паранжисини ташлаб, ўқишга киришга қарор қилади. Лекин бу ре­жаси Гулсаранинг калтабин отаси — Ибро­ҳимнинг қаршилигига учрайди. Опера қи­зини отасининг зулмидан ҳимоя қилмоқчи бўлган қаҳрамоннинг онаси — Ойсаранинг мудҳиш ўлими билан тугайди. Гулсара Иб­роҳимнинг қўлидан қутулиб чиқиб, майдонга югуради ва барча аёлларни янги ҳаёт учун курашга чорлайди.

Албатта, спектакль мазмунини 40-йиллар охиридаги томошабин асар ўн икки йил аввал биринчи бор саҳналаштирилганидан бир оз бошқача қабул қилади. Ваҳшиёна мутаассиб­лик ҳам, паранжи ташлагани учун ўч олиш ҳам ўтмишда қолиб кетган эди. Лекин эскича тушунчалар, хусусан, аёлларга “совуқ” муно­сабат, уларнинг иқтидорини писанд қилмас­лик ҳали ҳаётда учраб турарди. Шунинг учун бундай иллатларга қарши кураш ўз долзарб­лигини йўқотмаган эди.

Либретто муаллифлари Комил Яшин ва Музаффар Муҳамедов яхлит, изчил ривож­ланган воқеликни яратишга муваффақ бўлди. Айниқса, бош қаҳрамон образи тўлақонли чиққан. Операнинг бошланишида у заиф ва итоаткор, бечора кўринса-да, асар сўнгида жабру жафолар туфайли ўтмиш сарқитларига қарши очиқ, шиддатли кураш олиб боради. Опера асосидаги мусиқа намуналари Глиэр қайта ишлаган куйлардан ташкил топгани боис, асар катта муваффақият қозонди.

Мусиқий тафаккур соҳиби

1916 йил 30 декабрда Тошкент шаҳри­даги “Колизей” театрида Озарбайжоннинг машҳур режиссёри Сидқий Руҳилло бошчи­лигида Фузулий достони асосида “Лайли ва Мажнун” мусиқий драма (опера)си намойиш этилади. Асар либреттосини озарбайжонча­дан ўзбекчага Авлоний ўгиради. Асосий рол­ларни Сидқий Руҳилло (Мажнун), Дуррияхо­ним (Лайли), Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаeв, Фарид Тоҳирий, Юсуф Алиeв ижро этади. Миён Бузрук Солиҳовнинг “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” асарида келтирилишича, ушбу спектаклда илк ўзбек актрисаси Маъсума Қориева ҳам қатнашган.

Шундан сўнг ўзбек бастакорлари, ком­позиторлари ҳамда драматурглари Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонига қўл уради. Мусиқали драма жанри анъанала­рига мувофиқ, саҳна асари халқчил, миллий руҳ касб этган ҳолда басталанади. “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасининг биринчи варианти 1922 йили Маннон Уйғур томони­дан Фарғона театрида саҳналаштирилади. Бир йил ўтиб, Тошкентдаги “Томоша боғи” театрида қўйилади. 1922 йилдан 1933 йил­га қадар “Лайли ва Мажнун” республика ва ҳаваскорлик театрларида айнан биринчи ва­риантда мухлисларга тақдим этиб келинади. 1933 йили “Лайли ва Мажнун” мусиқали дра­масининг иккинчи вариантдаги мусиқасини Толиб Содиқов устозининг маслаҳатларига таяниб қайта басталайди.

Бу даврда ўзбек бастакор ва композитор­лари мусиқали драма мусиқасининг ифода­вий имкониятларини кенгайтирди. “Лайли ва Мажнун” кейинчалик ҳам бир неча маротаба таҳрирдан ўтказилди. Аввалги мусиқий но­мерлар сақланиб, сайқалланди. Бу вариантда аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ўзбек халқ мусиқа меросидан ташқари янги басталанган айрим речитативлар, кўп овозли хор номер­лари киритилди. Ижрога симфоник оркестр чолғу созларидан скрипка, виолончель, конт­рабас, флейта, гобой, кларнет ва литавра қў­шилди. Ушбу спектаклни истеъдодли режис­сёр Музаффар Муҳамедов саҳналаштирди. Моҳир рассом Шоназар Шораҳимов саҳна­вий декорация ва тасвирларини ишлади.

1940 йилда сўз мулкининг султони Али­шер Навоий таваллудининг 500 йиллик тан­таналари арафасида “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасини опералаштириш учун Рейнгольд Глиэр Толибжон Содиқов билан ҳамкорликда, Хуршид либреттоси асосида йирик саҳна асарини ёзиб тугатди. Опера йиллар давомида қайта-қайта таҳрирланиб, бу ижодий жараёнга бастакор Фахриддин Со­диқов ҳам жалб этилди. Натижада Толиб Со­диқов, Рейнгольд Глиэр, Фахриддин Содиқов учлигида мукаммал асар пайдо бўлди.

Глиэр ижоди фақат саҳна асарлари билан­гина чекланиб қолмади. У “Алишер Навоий” фильмига мусиқа ёзиб, ўзбек адабий мероси­нинг буюк сиймосига бағишланган киноасар руҳини мусиқий жиҳатдан бойитди. Шунинг­дек, ўзбек халқ куйлари асосида яратилган “Тантанавор” ва “Фарғона байрами” симфоник увертюралари орқали миллий мусиқани сим­фоник жанрга олиб чиқди. Бундан ташқари, у ўзбек мавзусига бағишланган қатор романслар ва бошқа мусиқий асарлар ҳам яратди.

Умуман олганда, Глиэрнинг ўзбек мил­лий мусиқаси учун яратган ижод намуналари халқ мусиқа меросига чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёндашгани билан ажралиб туради. Фольклор унсурларидан ўзбек бадиий та­факкурининг асосий манбаи сифатида фой­далангани учун унга 1937 йили “Ўзбекистон халқ санъаткори” унвони тақдим этилди. Шу тариқа Рейнгольд Глиэр ўзбек мусиқаси та­рихи саҳифаларида нафақат ижодкор, балки миллий меросга фидойилик ва ҳурмат наму­насини кўрсатган шахс сифатида ўчмас из қолдирди. Унинг асарлари бугун ҳам ўзбек мусиқасининг ривожланиш йўлини тасвир­лайдиган, янги авлод мусиқачиларига илҳом берадиган муҳим манбалардан бири сифати­да қадрланмоқда.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири