Материалда машҳур ўзбек икати чет элда тобора машҳур бўлиб бораётгани қайд этилган. Асл нақш, ёрқин ранглар ва табиий толалар бу матони мода ихлосмандлари ва аёллар орасида, шу жумладан Германияда жуда машҳур қилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бренд асосчиси, маданиятшунос ва дизайнер Александра Ягдфельд 2019 йилда Берлинда ўзининг биринчи ательесини очди. Савдо дўконида фақат аёллар халатлари сотилади. “Мен бир неча ҳафта давомида нақшларни ўрганиш, уларнинг ҳажми, алоҳида элементларини танлаш ва уларнинг рангларини тузиб чиқаман, - дейди дизайнер. - Бир неча йил аввал Ўзбекистонга борганимда ҳунармандчилик устахоналари фаолияти билан танишдим. Маҳаллий ҳунармандларнинг санъатини кўриб ҳайратга тушдим. Кейин ўз брендимни яратиш учун икат тўқув техникасини жорий этишга қарор қилдим”.
Мақолада қайд этилишича, Александра Ягдфельд томонидан ишлаб чиқарилган дастлабrи икат матоларининг нақшлари одатдагидек чиқмаган. Ўзбек ҳунармандлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши натижасида эса юқори сифатли матолар ишлаб чиқарила бошланди.
Материалда таъкидланишича, дизайнер шу кунга қадар иккита тўпламни чиқарди. Биринчиси 2019 йилда намойиш этилган. Уларнинг ҳар бири пахта ва ипак толаларидан иборат икатдан тикилган тўққизта чопондан иборат. «Битта чопон тайёрлаш учун ўн бир метргача икат керак. Уни тикишга эса уч ҳафтадан кўпроқ вақт кетади, - дейди Александра Ягдфельд. – Лекин мен атайлаб фақат эски тўқув техникасидан фойдаланаман».
Бу эса унинг маҳсулотлари нархининг анча юқорилигининг асосий сабабидир. Александра Ягдфельд тўпламларидаги битта халатнинг нархи 3 минг 200 еврога тенг, деб ёзади мақола муаллифи.
«Либосларнинг ранг-баранглиги тез эътиборни тортади. Эҳтимол шунинг учун ҳам улар кундалик фойдаланиш учун мос эмасдир, - дейди дизайнер. - Лекин сиз уларни кийганингизда, ўзингизни саёҳат қилгандек ҳис қиласиз».