Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Тожикистон Республикаси Президенти ижроия қўмитаси ва Вазирлар маҳкамаси ходимлари, "Тожик пилла" ташкилоти раҳбарияти ҳамда "UNIDO" вакилларидан иборат делегация аъзолари билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур делегация аъзолари жорий йилнинг январь ойида ҳам Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги пиллачилик тармоқдари билан танишиш учун келган эди.

Меҳмонлар мамлакатимизда мавжуд 11 турдаги тут навларидан ташкил топган тутзор билан танишиб, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотларга эга бўлди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасидаги кўргазмали "Шоу-рум"ни томоша қилиб миллий ипакдан тайёрланган маҳсулотлар билан танишишди.

Шундан сўнг, кейинги йилларда ипакчилик тармоғида эришилган ютуқлар, иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвестициялар, озуқа базаси, хусусан, тутзорларни кенгайтириш ва улардан қандай қилиб самарали ва унумли фойдаланилаётганлиги борасида суҳбатлашилди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан пиллачилик соҳасини ривожлантириш борасида ижобий қадамлар ташланиб, тармоқда ўнгланиш ва ривожланиш бошланди, –деди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. – Сабаби соҳамизга давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари ҳам катта эътибор қаратган. Қарор билан берилган имтиёзлар натижасида йилига тўрт марта ипак қурти парваришлаб, сифатли пилла  етиштиришга муваффақ бўлдик. Ҳозирда, мамлакатимизда йилига 25 минг тоннадан ортиқ пилла етиштирилади ва 76 та пиллани қайта ишлаш корхоналари бор. Шунингдек, 5 та мато ишлаб чиқарувчи фабрикаларимиз фаолият олиб бормоқда. Жорий йилдан 50 фоиз ипакни ўзимизда матога айлантириб, хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз. Соҳада 1 миллионга яқин аҳоли иш билан банд бўлиб, уларнинг 90 фоизи асосан чекка ҳудудларда яшовчи чевар опа-сингилларимиздир. Биз тўрт йилда босқичма-босқич пилла етиштиришдан бошлаб, мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнига етиб келдик.

Ипакчилик тажрибаларини ўрганиш ва бу борада ҳамкорликда давом этиш мақсадида юртимизга иккинчи бор келган меҳмонлар  Ўзбекистон ипакчилик соҳасида бой тажриба, юксак салоҳиятга эга мамлакат эканлигини ўз кузатувлари асосида эътироф этишди. 

–– Биз фаолиятимиз давомида йилига бир марта пилла етиштирамиз, – деди "Тожик пилла" ташкилоти раҳбари Назиршо Назаров. – Эндиликда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб пилла етиштиришни 2-3 мартага етказмоқчимиз. Бунинг учун ишни озуқа базасини кўпайтиришдан бошладик ва юртингиздан 50 минг туп тут кўчатларини сотиб олдик. Уларни Тожикистон шароитида етиштириш ниятидамиз. Сабаби, Ўзбекистон ва Тожикистон иқлим жиҳатдан бир-бирига ўхшайди.  Ҳамкорлик доирасида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси билан меморандум имзоланди ва яқин орада қўшма корхона очилади. Ташриф давомида соҳада олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот олдик. Берилган барча таклиф ва тавсияларни биз албатта амалда қўллаймиз.  

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, делегация аъзоларининг юртимиз бўйлаб сафари давом этади. Эндиликда, улар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари, вилоятлардаги пиллани қайта ишлаш ташкилотлари ва тут плантацияси жараёнларига иштирок этадилар.