Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА)нинг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари билан биргаликда Чежу шаҳрида жойлашган «ТГ – Тегуконгопса» пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, бу ерда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашув ўтказди.
«ТГ – Тегуконгопса» ўзбекистонлик ишчи-мигрантларни доимий равишда шартнома асосида ишга таклиф қилиб келаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Хусусан, юртдошларимиз А.Латипов ва Д.Худойқулов мазкур корхонада иккинчи марта шартномага тузиб, меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда. Анъанага кўра, юқоридаги каби фуқароларимизга ТММА ваколатхонаси томонидан «Намунали ва содиқ ходим» ташаккурномаси ҳамда корхона раҳбарига ўзбекистонлик фуқароларни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ташаккурнома ва совғалар тақдим этилди.
Учрашувда дипломатлар ўзбекистонлик ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, уларнинг консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича саволларига жавоб берди. Шунингдек, ватандошларимизга мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар тақдим қилиниб, давлатимиз раҳбари томонидан хориждаги ўзбек меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди, деб хабар беради «Дунё» АА.