Бу борада яна бир хушхабар — Риштон–Япония маданий иқтисодий алоқалар маркази билан Япониянинг машҳур бренди “Kumikо”нинг ҳамкорлиги ҳақида айтишдан аввал каштачилик мактабларимизга қисқача тўхталиб ўтишни жоиз топдик.
Юртимизда шаклланган 11 та каштачилик мактабининг ҳар бирида ўзига хос қонун-қоидалар мавжуд. Сўзанадаги кашта гуллари ва ранглар ҳам ўз рамзий маъносига эга.
Думалоқ гулларнинг ингичка шохга, сўзана атрофи бўйлаб гулли шохлар билан қуршаб тикилиши Бухоро кашталарига хос жиҳат бўлса, тўрсимон композиция, турли гуллар билан кашта тикиш Нурота мактабининг услуби. Шаҳрисабз каштасида эса, “кандахаёл”, “ироқи” чоклари ҳам қўлланади.
Бошқа мактабларникига нисбатан йирик гулда тикиладиган Самарқанд каштаси ҳам ўзига хос. Унда гул атрофига “қўчқор шохи” нақши билан безак берилиши диққатни тортади. Жиззах каштаси сарғиш пишиқ пахта матосига тикилса-да, композиция жиҳатидан Самарқанд сўзанасига яқинлигини сезиш қийин эмас.
Йирик безакли Тошкент кашта намунасида азалдан иккита — “палак” ва “гулкўрпа” қўлланиб келинган.
Водий каштадўзлигида Фарғона етакчи саналади. Ҳудуднинг ипак етиштириш салоҳияти ўз-ўзидан мато ишлаб чиқариш ва унга ишлов бериш, шунингдек каштачиликнинг ҳам ривож топишига имкон бергани аниқ. Фарғона каштачилик мактаби воҳадаги каштачилик мактабларидек тилга тушмаган. Шу маънода бугун вилоятда Нурота каштачилик услубидан кенг фойдаланиляпти. Бу эса Андижон ва Наманган каштачилик мактабларини ривожлантиришга ҳам хизмат қила бошлади. 2021 йилда Фарғонада 15 та Ҳунармандлар марказлари ишга туширилиб, айни марказларда 2000 дан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Қўшни вилоятлар хотин-қизларининг ҳудуд тажрибасини ўрганиш мақсадида келаётгани соҳага қизиқишнинг кун сайин ортаётганидан далолат.
Марғилонлик Зумрад Раҳмонова тошкентлик машҳур каштадўз Мадина Қосимбоевадан кашта сирларини пухта ўрганиб тўғри қилганига куни кеча яна бир бор амин бўлди. Зеро, у сўзимиз аввалида айтганимиз – Япониянинг машҳур бренди “Kumikо” билан ҳамкорликдаги янги лойиҳа доирасида Риштонга таклиф қилинди. 2001 йилда ташкил топган бу марказда энди кулолчиликдан ташқари Зумрад опа раҳбарлигидаги каштачилик тўгараги ҳам фаолият бошлайди.
— Менга Япониянинг машҳур бренди билан ҳамкорлик қилишдек масъулиятли вазифани ишонишгани учун миннатдорлик билдираман, — дейди ҳунарманд. — Ҳунар ўрганган киши ҳеч қачон назардан четда қолмас экан. Марғилонда шогирдларим кўп. Бу ерда ҳам ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, бор маҳоратимни шогирдларга ўргатсам, биргалашиб ўзбек ҳунармандлигини Япония ва бошқа давлатларга танитишга ҳисса қўшамиз. Зеро, “Kumikо” сўзининг маъноси ҳам содда қилиб айтганда, “бирлашиш” маъносини билдирар экан. Брендни кашта билан акс эттириш эса, бизга албатта миллий ғурур бахш этади.
Тўгаракнинг очилиш маросими кўтаринки ўтгани ҳам каштадўз ҳунарманд фикрларини тасдиқлайди. Чунончи, “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов, Риштон тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Муқаддасхон Бекмирзаева, марказ директори Ғанишер Назиров, “Kumikо” бренди раҳбари Марияма Риса, умуман, маросимда иштирок этганларнинг барчасига ҳамкорлик таклифи ўзгача қувонч бағишлаганига шубҳа йўқ.
Тўгаракка жалб этилган йигирмага яқин хотин-қиз эса, насиб қилса, ўз қўллари билан тикажак кашталари Япониянинг машҳур бренди остида сотилишидан бахтиёр.
— Ўзбекистонга меҳрим бўлакча, — дейди тўгаракнинг япониялик раҳбари, Васэда университети талабаси Морияма Риса. — Самарқанд ва бошқа бир қатор тарихий шаҳарлар мени ўзига ром этган. Риштон — япон марказини Японияда кўплаб японлар билишади. Айни ҳудудда фаолият бошлашимга сабаб ҳам шу аслида. Бу ерда “Kumikо” бренди остида каштачилик маҳсулотларини тайёрлатиб, Япония ва бошқа мамлакатларда сотишни мақсад қилганман. Зеро, Японияда қўл меҳнатини жуда қадрлашади. Шунинг учун қўлда тайёрланган маҳсулотларнинг қиймати ҳам баланд. Келажакда ушбу лойиҳамиз кенгайиб, ўзим ўйлагандек натижа беришига ишончим комил.
Марказ раҳбари Ғанижон Неъматовнинг айтишича, марказни ташкил этишдан acocий мақсaд ёшлаpнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, yларни Япон тили ва маданияти билан яқиндан таништириш, миллий маданиятимиз, урф-одатлаpимиз ва ҳунармандчилигимизни Японияда тарғиб қилиш орқали мамлакатимизда туризмнинг ривожлaнишига хисса қўшиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасида маданий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан иборат.
Марказ фаoлиятини бeминнат қўллаб-қyввaтлаб бориш учун дoимий равишда Япония давлaтидан япон тилини ўқитaдиган ва ўзбек миллий маданияти, ҳунармандчилигини Японияда тарғиб қиладиrан кўнгилли мутахассислар жалб этилади. Шунингдек, бу ерга ҳар йили дўстлик тадбиpларини ўтказиш учун Япония давлати вакиллари, сайёҳлар тaшриф буюрадилар. Марказ ташкил қилинганидан буён Риштонга ташриф буюрган япон фуқароларининг сони 5000 дан зиёдни ташкил қилади. Шу маънода мамлакатимизда ҳунармандлик ва туризм ҳамиша бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади, дейиш мумкин.
Ўйлаймизки, ушбу лойиҳа орқали Риштон ҳунармандлик маҳсулотлари жаҳон бозорини забт этиши учун навбатдаги қадам ташланди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири