Учрашувда иқтисодиёт ва сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка урғу берган ҳолда ўзбек-қирғиз муносабатларини чуқурлаштириш йўллари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг яқинда Қирғизистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муҳокама қилинди.

Янги саноат кооперацияси лойиҳаларини ва савдо шартномаларини ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакат масъул вазирлик ва идораларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиль ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини кенгайтириш юзасидан навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Транспорт ва инфратузилма соҳасида қўшма лойиҳаларни, жумладан, «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар устида ишланди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали ўтадиган янги транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 9-йиғилишида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда комиссиянинг навбатдаги йиғилиши кун тартибидаги масалалар муҳокама этилди.

Учрашув якунида ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма ҳаракатлар белгиланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.