Тадбир МОХИ ва Қозоғистон Республикасининг Р. Б. Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг етакчи эксперт-таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, жумладан МОХИ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими), Тарих институти, Туризм ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

– Бугунги кунга келиб икки биродар  халқларимизнинг  бой ва муштарак тарихий-маданий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этиб бормоқда, – деди   Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Aтамқулов. –  Ушбу масала Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Замонавий дунёда иқтисодий ютуқлар билан бир қаторда маънавий, тарихий-маданий мерос ҳам миллат рақобатбардошлигининг асосий кўрсаткичларидан ҳисобланади.

Шунингдек, анжуманда  ХIХ аср ўзбек-қозоқ мутафаккирларининг илмий, фалсафий ва адабий меросини тадқиқ этиш, икки мамлакат маърифатпарварларининг маданий-гуманитар соҳадаги алоқалари ва уларининг ўтмиш тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси  муҳокама қилинди.

– Мустақиллик даврида ўзбек-қозоқ халқлари ижтимоий-сиёсий жиҳатдан  мисли кўрилмаган даражада юксалди, дунёқараши ўзгарди ва миллий ўзлигини англаб етди, – дейди Р.Б. Сулейменов  номидаги Шарқшунослик институти Республика тарихий материалларни ўрганиш маркази директори Меруерт Aбусеитова, – Маънавий бойлик ва тарихий-маданий мерос миллий ўзига хосликнинг асосий ўзагини ташкил этади. XIX аср ижтимоий-фалсафий тафаккурининг кўзга кўринган намояндалари Aҳмад Дониш, Aбай (Иброҳим Кунанбоев), Чўқон Валихонов, Саттархон Aбдулғаффоров, Муҳаммаджон Муқимий, Зокиржон Фурқат, Тошхўжа Aсирий ва бошқаларнинг кўп қиррали тарбиявий ва ислоҳотчилик фаолияти яратилди. Мустамлакачилик тузуми даврида Ўрта Осиё дунёқараши ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида, ўзингизга маълумки, ниҳоятда муҳим ўрин тутган жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши учун қулай муҳитни шакллантирди.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ХIХ асрда Марказий Осиё халқларининг тарихий-маданий меросини англаш ва асраб-авайлаш жараёнига улкан ҳисса қўшган  ўзбек-қозоқ мутафаккирлари фаолиятини тадқиқ этиш  ғоятда аҳамиятлидир.

Ҳозирги кунда мамлакатларимиз етакчиларининг сиёсий иродаси, илмий жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатлари туфайли, ушбу йўналишда тадқиқотларни амалга ошириш учун етарлича имкониятлар мавжуд.

Конференция илмий доира вакиллари ва икки мамлакат экспертлари ўртасида конструктив фикр алмашиш, ўзаро мунтазам тадбирларни йўлга қўйиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, икки томонлама илмий-таҳлилий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун платформа вазифасини ўтайди.

Тадбир якунлари бўйича, Марказий Осиё халқаро институти ва Қозоғистон Республикасининг Р.Б. Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Зулфия ТЎРАНАЗАРОВА,

Марказий Осиё халқаро институти матбуот котиби