Айниқса, ёш шахматчиларимизнинг жорий йил 28 июл – 9 август кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳри мезбонлик қилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ютуқлари оламшумул воқеага айланди ва ўзбек шахмати тарихида янги саҳифа очди, десак асло муболаға бўлмайди.
Чунки, мусобақада эркаклар терма жамоамиз биронта ҳам ўйинда мағлубиятга учрамасдан олимпиада чемпиони бўлишди. Улар ёш бўлишига қарамасдан ўзбек шахматида катта тарих ярата олишди.
Бугун бутун дунё ўзбек шахматчиларининг салоҳияти қай даража юқори эканлигини яна бир бора кўрди ва тан берди.
Ёш қаҳрамонларимиз ҳақида таниқли журналист, публицист Ҳусан Карвонли муаллифлигида “Ўзбек шахматининг олтин авлоди” номли китоб чоп этилди. Унда ёш шахматчиларимизнинг ҳозирга қадар эришган ютуқлари ва шахматдаги фаолияти ҳақида сўз юритилади.
Таʼкидлаш жоиз, ушбу китоб “Енг улуғ, энг азиз” танловида ҳам 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Куни кеча мазкур китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, ёш шахматчиларимиздан Жавоҳир Синдоров ҳамда Нодирбек Абдусатторов, уларнинг оила аъзолари, куни кеча Полша давлатида ўтказилган эшитишда нуқсони бор спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари, шахмат ихлосмандлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар китоб борасида ўзларининг илиқ фикрларини билдириб ўтишди. Биз ҳам ўз ўрнида шахматчиларимизнинг ҳали кўп бора чемпион бўлишларига ишонамиз. Зеро, шахматчиларимиз ҳали жуда ёш. Демакки, улар ҳали кўп марраларни забт этишади.