Қитъамизнинг энг кучли спортчилари билан кечган беллашувларда 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, ўзбек таэквондосида янги саҳифа очган ҳамюртларимиз диёримизга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тантанали тадбирда Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов ва унинг ўринбосари Ш.Маҳмудов, МОҚ Бош котиби О.Касимов, Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Расмийлар музаффар таэквондочиларимизни қарши олар экан, улар қайд этган улкан натижа давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг самараси эканини алоҳида таъкидлади. Мутасаддилар спортчиларимизни қўлга киритилган ғалабалар билан қутлаб, келгусида бундан-да катта марраларни забт этишларига ишонч билдирди.