2002 йил 7 июнда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Санкт-Петербургда ўтказилган мажлисида ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган. Штаб-квартираси Тошкент шаҳридаги жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ШҲТнинг доимий органи сифатида ўзаро ҳамкорлик доирасида терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашни мувофиқлаштириб келмоқда.

Тузилманинг халқаро нуфузи йилдан-йилга ортиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг ёрқин намунасига айланиб бормоқда. Шу боис ўзбекистонлик талабалар ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг замонавий муаммолар ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, глобал таҳдидларга қарши курашиш борасидаги фаолияти билан яқиндан танишиш истагини билдирдилар.

Шу сабабли Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари учун Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитасида учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида МАТТ Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирокчиларни тузилманинг шаклланиш босқичлари, ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳамда фаолиятининг асосий тамойиллари ва йўналишлари билан таништирди.

Ўз навбатида, ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров талабаларнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси вакиллари билан учрашувини ташкил этишдан асосий мақсад — экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш, ёшлар қалбида ватанпарварлик ва садоқат туйғусини шакллантиришда халқ дипломатияси воситаларидан кенгроқ фойдаланиш ғояларини илгари суришдан иборат эканини таъкидлади.

Шунингдек, у халқ дипломатияси глобал хавфсизликка турли таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси ва барча жабҳада — фан ва бизнесдан тортиб, маданий-гуманитар алмашинувгача қадар бўлган халқаро ҳамкорликнинг асоси эканлиги ҳақида тўхталди.

Учрашувда фақатгина ёшлар эмас, балки бутун жамиятда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ва уларга барҳам бериш билан боғлиқ хавфсизлик соҳасидаги янги чақириқ ва таҳдидлар юзасидан фикр алмашилди.

Тузилма раҳбари минтақадаги вазият, жумладан, Афғонистон мавзуси, кибермакондаги таҳдидларга қарши курашиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризмга қарши курашиш, шунингдек, ШҲТ давлатларининг халқаро-ҳуқуқий соҳадаги ўзаро ҳамкорлигига оид саволларга атрофлича жавоб берди.

Талабалар тадбир ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдириб, учрашув Шанхай ҳалқаро ташкилотининг доимий тузилмаси фаолиятини янада чуқурроқ ўрганишга, умуман олганда, халқаро хавфсизликни таъминлаш, заминда барқарорлик ва тинчликни сақлаш бўйича ШҲТга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.

Ёшлар келгусида ҳам бу каби мазмунли тадбирларни ўтказишга катта қизиқиш билдирдилар.

Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг

Халқ дипломатияси маркази Ахборот хизмати