Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан Токио хорижий тиллар университетида Ўзбек тили байрами куни нишонланди.  

Мазкур олий таълим даргоҳида ўзбек тилини ўрганаётган 30 нафарга яқин талаба ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида ўзбек тили байрамига бағишланган махсус дарс ташкил этилди.

Махсус дарс давомида япон талабаларининг юртимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида "Сиз Ўзбекистонни биласизми?" викторинаси ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Бугунги кунда япон университети томонидан Тошкент давлат шарқшунослик ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, шунингдек, жорий йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Ҳамкорлик меморандуми имзолангани, келгуси йилдан бошлаб эса талабалар алмашуви дастурлари бошланиши мамнуният билан қайд қилинди.

Учрашувда Токио хорижий тиллар университети томонидан юртимизнинг педагог кадрлари учун қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ташкил қилиш, PHD босқичи талабалари қабулини кўпайтириш ҳамда Ўзбекистонда япон тилини ўргатаётган олий таълим муассасаларида онлайн дарслар ташкил этилиши бўйича ҳам келишувга эришилди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Япониянинг энг кекса давлат университетларидан бири — Токио хорижий тиллар университети 1873 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг учта факультетида тил ва маданият, халқаро ва минтақавий тадқиқотлар ҳамда японшунослик фанлари ўрганилади. Жами 4208 нафар талабанинг 687 нафари 84 мамлакатдан келган хорижий талабалардир. Ўзбекистондан 13 нафар талаба таҳсил олади.  

Университетда ўзбек тили 2009 йилдан буён асосий тил сифатида ўқитилиб келинмоқда. Ҳозирги пайтда 45 нафарга яқин талаба ўзбек тилини ўрганмоқда.