Дарҳақиқат, собиқ совет тузими даврида жуда кўп нарсаларни йўқотдик. Хусусан, тилимизни бой бердик. Русча сўзлар ўзбекчаси билан аралашиб, тушунарсиз, ўринсиз гаплар ҳосил бўлди. Шу кунгача ҳам ана шу дағал сўзлардан воз кечишга қийналяпмиз.

Чунки инсон дунёга келар экан тили “она” деб чиқади. Миллатнинг ўзлиги, тириклиги она тили билан ўлчаниши ҳам бежиз эмас. Шу сабабдан бўлса керак тилимизни бизни оқ ювиб, оқ тараган, бизга улкан имкониятлар эшигини очиб берган оналар каби қадрлаймиз, улуғлаймиз.

Биз тилимизнинг нақадар азаз ва боқийлигини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббат, садоқатни янада ошириш мақсадида жойларда турли тарғибот тадбирларини ўтказамиз. Ҳар йили тилимизга бўлган эътибор ва эътироф туфайли ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан нишонлаяпмиз. Хусусан, октябрь ойи “Она тили ойлиги” деб эълон қилинганлиги ҳам бежиз эмас албатта.

Биз бу байрамни “Она тилим — жону дилим”, “Тилга эътибор — элга эътибор”, “Тил — миллат кўзгуси”, “Тил — xалқ бойлиги”, “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!”, “Тилга ҳурмат — элга ҳурмат” каби ранг-баранг шиорлар остида ўтказамиз. Айниқса, таълим муассасаларида бўлиб ўтаётган турли учрашув ва давра суҳбатлари бу борада фикримизга далилдир.  

 Шу боис яшаш тарзимиз, кийинишимиз, овқатланишимиз, ҳаттоки юриш-туришимиз негизида она тилимизнинг беминнат хизмати ётади. Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи ва тарихи ҳамдир. Она тили Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат ва ҳурмат рамзидир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлайди. 

Маънавиятнинг кўзгуси бўлган она тилига бўлган муносабат шахснинг маънавиятга бўлган муносабатини ҳам белгилайди.

Она тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлган бўлса-да, ҳамон тилимизни бузиб кўрсатишлар, турли шеваларда талаффуз қилишлар мавжуд. Қонун бор, моддалар белгиланган. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича таклиф киритилганда бир гуруҳ депутатлар қарши чиққани эса Давлат тилида иш юритишни янада ортга сурди. Бу борада қиладиган ишлармиз жуда кўп эканлигини англаб етдик. Кўча ёзувлари, фуқароларнинг ҳужжатларида, пайнет ва терминал қоғозларидаги хатоликларни қачон тузатамиз?! Телеграм, интернет тармоқларини гапирмаса ҳам бўлади.

Айниқса, телекўрсатувлар, миллий кинолар шеваларда таржима қилинаётгани эса бизнинг яна бир оғриқли нуқтамиздан биридир. Кўчалардаги, пештоқлардаги реклама воситалари ёзувларига ҳамон панжа ортидан қараётганимиз ҳам ачинарли ҳолдир. Унинг хатоликларини тўғрилашга реклама берувчи ҳам, реклама илувчи ҳам бирдек масъул ҳисобланади. Умумтаълим мактабларида она тилига муносабат ҳам оғир аҳволда. Синф ўқувчилари иншо ёзганида ана шу муносабат яққол кўриниб қолмоқда. Таълим тизимини назорат қилиш орқали она тили дарсларини кўпайтириш, олий ўқув юртларида она тили ўқитувчилари учун алоҳида ва қўшимча дарсликлар ишлаб чиқариш ва ҳаётга татбиқ этиш даркор.

Давлатнинг бош ижтимоий  вазифаси ўз ҳудудида давлат тили қандай шаклда бўлишини таъминлаш бўлса, бизнинг вазифамиз истеъмолчи сифатида тилимизга қандай қарашимизга боғлиқ экан. Ўзлаштирилаётган сўзларнинг кириб келиши тилимизнинг бузиб кўрсатишларга олиб келаётган экан, демак уларга ҳам чегара қўйиш зарур.

Бунда имло қоидаларини маълум меъёрга келтириш муҳим аҳамиятга эга. Биз миллат болаларини тарбиялашга бугун яхши муҳит яратишимиз керак. Биринчи навбатда 2 хил ёзувдан воз кечиб, бир хилликка ўтиш вақти келди. Имло қоидаларини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг масъулиятини кучайтириш, ёзма нутқни ўстириш ҳам тилимиздаги ғализликларга барҳам бериши мумкин.

Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини, ўзаро муомила сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомилада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилишини олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш бугунги кун талаби.

Демак, тилимизни асраб-авайлаш нафақат тилшунослар, балки шу миллатнинг фарзандиман деган ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши зарур.

Ҳурсаной ИСЛОМОВА,

Республика маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими раҳбари