Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон 7 ойда 21,5 минг тоннадан зиёд узум экспорт қилди.
Хусусан, шу йилнинг 1 август ҳолатига, қиймати 18,9 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 21,5 минг тонна узум маҳсулоти хорижга экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 минг тоннага кўп.
Қўмита шунингдек, узум маҳсулотининг экспорти бўйича Қозоғистон 12,5 минг тонна кўрсаткич билан етакчилик қилаётганини маълум қилди. Жумладан, Россия Федерациясига 6,2 минг тонна ва Қирғиз Республикасига 2,3 минг тонна узум меваси экспорт қилинган.
Пандемия шароити бўлишига қарамай, Ўзбекистон узумлари 13 та давлатга экспорт қилинган. Айниқса, бу йил Германия, Литва ва Туркманистон бозорларида Ўзбекистонда етиштирилган узум маҳсулоти биринчи бор сотилмоқда.
Экспорт қилинган мазкур узум маҳсулотининг энг кўп улуши Фарғона (6,2 минг тонна), Тошкент (4,3 минг тонна), Наманган (3,1 минг тонна), Хоразм (2,1 минг тонна) ва Қашқадарё (1,7 минг тонна) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.