Бу ҳақда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Ўш давлат технологиялар университети ҳамда Б. Сидиқов номидаги Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро университети ҳамкорлигида амалга оширилди.
Тадбир шунчаки расмий учрашув эмас, балки ҳақиқий маданият байрамига айланди. Икки кун давомида Ўш шаҳри бир қанча ёрқин лойиҳаларга гувоҳ бўлди. Жумладан, маърифат улашишнинг энг гўзал намунаси бўлган "Қардош дўстимга" китоб акцияси ўтказилди. Шунингдек, "Театр – халқ маърифати кафедраси" лойиҳаси доирасида ёш ижодкорлар саҳна асарлари орқали дўстликни тараннум этган бўлсалар, "Икки халқ бисотидан" концерт дастурида янграган ўзбек ва қирғиз миллий куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Ташрифнинг энг муҳим воқеаларидан бири Б. Сидиқов номидаги Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро университетида "ШҲТ хонаси"нинг тантанали очилиши бўлди. Университет ректори, профессор Абдилбает Мамасидиқов ўз нутқида бу хона шунчаки ўқув хонаси эмас, балки тинчлик, ишонч ва мулоқот макони эканлигини, очилиш маросими эса икки қардош халқнинг дўстлик ҳудуди янада кенгайганининг рамзи эканлигини алоҳида таъкидлади.
Очилиш маросимида Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистоннинг дипломатик вакиллари ҳамда олий ўқув юртлари профессорлари иштирок этиб, бу қадамни таълим дипломатиясидаги муҳим ютуқ сифатида баҳоладилар.
Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация таркибида Ислом цивилизацияси маркази, Санъат ва маданият институти ва бошқа етакчи олийгоҳларнинг иқтидорли ёшлари ва устозлари бор эди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров меҳмондўстликдан тўлқинланиб, Қирғизистонга қадам қўйган илк дақиқалардан бошлаб ўзларини ўз уйларидагидек ҳис қилганликларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳис халқлар ўртасидаги узвий яқинлик ва ишончнинг жонли ифодасидир.
Тадбир якунида томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келишувга кўра, эндиликда талабалар учун академик алмашув дастурлари кўпаяди, қўшма илмий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади, ёшлар форумлари ва махсус тренинглар мунтазам ўтказилади.
Ўшдаги ушбу учрашув Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, энг муҳими, икки халқ ёшлари қалбида абадий дўстлик кўпригини қуришга хизмат қилиши шубҳасиз.