Жорий йилнинг март ойида Туркиянинг Бурса шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Диаспора масалалари бўйича идоралар раҳбарларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди. Форумда пойтахтимиздаги Туркман миллий маданий маркази раиси Гулдана Авездурдиева ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда барча миллат ва элат вакилларига яратилган шароитлар, уларнинг она тили, урф-одати, миллий маданиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги имкониятлар ҳақида гапирди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида кўркам “Ашхобод” боғи очилгани, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғий номи берилгани, Хоразм шаҳрида “Улли Ҳовли” Ўзбекистон-Туркманистон туризм мажмуаси ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамланаётгани алоҳида эътироф этилди.

Мана шундай пайтда чиндан ҳам бағрикенг, ўзга миллатлар вакиллари, уларнинг ўзлигини-да қадрлайдиган юртда яшаётганингдан фахрланиб кетасан одам. Ҳатто қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган бу эзгу фазилатларимиз сабаб ҳам турли миллат вакиллари Ўзбекистонга ўзимиздек меҳр қўяди, шу жаннатмакон юртга абадий боғланади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 202 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилмоқда. Мамлакатимизда 44 та туркман тилли мактаблар мавжуд. Нукус давлат университетида “Туркман филологияси”, Нукус шаҳридаги Aжиниёз номидаги педагогика институтида туркман тилида бошланғич синфлар учун ўқитувчиларни тайёрлаш факультети фаолияти йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир халқ ва миллатнинг этник ўзига хослиги, тили, урф-одати, тарихи ва анъаналарини сақлашда муҳим рол ўйнайдиган миллий маданий марказлар фаолияти ривожлантирилиши, шубҳасиз, уларнинг тинч ва осойишта ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Юртимиздаги қатор давлатлар миллий маданий марказлари Тошкентдаги Туркман маданий маркази алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида марказнинг бўлинмалари иш олиб боряпти. Марказ аъзолари йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркманистон томонидан ташкил этилаётган халқаро конференция, семинар, форум ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Қорақалпоғистондаги марказ томонидан туркман тилида “Мекан” номли газета нашр этилиши билан бирга туркман халқининг миллий этнографик қадриятларини авлоддан-авлодга етказиш мақсадида “Орзу” мусиқа-рақс ансамбли ҳам фаолият юритяпти.

Марказ ва унинг бўлинмалари фаоллари Наврўз, Мустақиллик, байрамларида, Конституциямиз қабул қилинган кун, Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларда жонбозлик кўрсатиб келаётгани эътиборга молик. Шунинг учунми, 2020 йилда Туркман маданият маркази “Жамиятда миллатлараро тотувлик ва дўстликни ҳамда тарихан шаклланган бағрикенгликни кенг тарғиб қилиш” мавзусидаги лойиҳаси билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган ижтимоий буюртма танлови ғолибига айланди. 600,0 млн сўмлик ижтимоий буюртма маблағлари ҳисобига Марказ ўтган йили миллий маданий марказларни замонавий моноблоклар, ноутбуклар, принтер ва миллий либослар билан таъминлади.

Миллийлик хусусида гап кетганида айтиш керакки, марказ вакиллари ҳар йили Туркманистон давлатида ўтказиладиган дунё туркманларининг гуманитар ассоциацияси, туркман қўл гиламдўзлигини қадрловчилар умумжаҳон ассоциацияси халқаро конференция ва фестивалларида ҳамда мамлакатимизда кенг нишонланадиган байрамларда муносиб иштирок этиб келмоқдалар.

— Бу йилги “Наврўз” умумхалқ байрамида турли миллат вакиллари қатори биз ҳам туркман миллий таомлари ва ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини ташкил қилдик, — дейди Г. Авездурдиева. — Шавкат Мирзиёевга миллий кийимларимиз, ҳунармандлик буюмларимизни таништирганимда, Президентимизнинг табассуми, алоҳида қизиқиш билдирганидан ғурурланиб кетдим.

Ўзбек ва туркман ҳунармандлари ўртасида азалдан ўзаро ҳамкорликка, ўзаро тажриба алмашишга интилади. Яқинда Туркманистоннинг Лебап вилоятида кўплаб ҳунармандлар кўргазмасида қатнашиб келган бухоролик заргар Авазбек Бекмуратов туркман халқининг ўзбек миллий тақинчоқларига қизиқиши кучли эканини айтди. Унинг таъкидлашича, туркман заргарлари ўзбек заргарларининг қўл меҳнатини алоҳида эътироф этишади. Зеро, ўзбек заргарлари энг майда деталларни ҳам асосан қўл меҳнати билан ясайди. Заргарларимиз олиб борган феруза кўзли балдоқнинг харидоргир бўлгани эса севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг туркман қизлари ҳақидаги

Бир хил либос киймиш кўрдим нечалари

Ойбалдоғи ёниб турар кечалари

Яшнаб кетар юрса Тошкент кўчалари, деган самимий мисраларини ёдга солиб юборди.

Ҳа, бугун пойтахтимизда биз билан бир ҳаводан нафас олаётган 200 мингдан зиёд туркман аҳолиси орасида албатта кўчаларимизни яшнатиб юрган туркман қизлари йўқ эмас. Уларнинг миллий либосларига қизиққан ўзбек қизлари ҳам бугун Туркман маданият марказида ташкил этилган тўгаракларда туркман миллий ҳунармандлиги билан бирга туркман тилини ҳам ўрганмоқдалар. Тўгаракларнинг туркман тилида олиб борилаётгани эса, айни тилни ўрганишга иштиёқманд ўзбек йигит-қизларини ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши билан аҳамиятли.

Ҳа, эртамиз эгалари кўплаб миллатлар тилларини билиши, уларнинг урфу одатлари, миллийлиги билан ҳам таниш бўлиши фақат ва фақат фойдадан ҳоли эмас. Зеро, йилдан-йилга бағрикенглигимизнинг амалдаги исботи ўлароқ, турли давлатлару миллатлар билан дўстона муносабатларимиз янги босқичга киряпти. Юртимиздаги барча бошқа миллат вакилларининг эмин-эркин, ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш эзгу мақсадларимиздан бирига айланган.

Давлатимиз раҳбари Фармони билан ўтган давр мобайнида бир гуруҳ юртдошларимиз мамлакатимизда туркман маданияти, урф-одати ва анъаналарини ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш, дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш борасида қилган самарали хизматлари ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган улкан ҳиссалари учун юксак мукофот ва орденлар билан тақдирландилар. Давлатимиз томонидан бундай эътироф давомий бўлиб, миллатлараро тотувликни таъминлашга ҳисса қўшаётган инсон борки, асло эътибордан четда қолмагай.

Дарвоқе, яқинда Туркман маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллиги кенг нишонланади. Тадбирга Туркманистондан ҳам делегация келиши кутиляпти. Ўйлаймизки, марказнинг кўтаринки руҳда ўтадиган юбилей тадбири ўзбек-туркман алоқаларини абадий мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бинобарин, ўзбек ва туркман — томирлари туташ, миллийлиги уйқаш миллатлар.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири