Анжуманда Тошкент давлат стоматология институти “Лотин тили ва хорижий тиллар” кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Мақсуда Исроилова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Инглиз тилини ўқитиш методикаси” 1-кафедраси профессори, филология фанлари доктори Халифа Пауланова, Ўзбекистон давлат консерваторияси “Ўзбек тили ва ижтимоий фанлар” кафедраси доценти Ирода Шокирова, Қуролли Кучлар академияси “Тиллар” кафедраси доценти педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Сафия Қаландарова, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари, курсантлар ва талаба ёшлар ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжумандан кўзланган мақсад — «2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дастури доирасида ёшларни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, келажак авлод вакиллари учун яратилаётган улкан имкониятлар билан таништириш, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, хорижий тилларга бўлган қизиқишларини янада ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Анжуманни Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари, кимё фанлари доктори, (DSc) доцент Одилжон Зиёдуллаев очиб, Олий таълим, ўрта таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишда самарадорлик инновациялар билан боғлиқ эканлигини, чет тилини ўрганишда инновацион ёндашув, таълим тизимини технологиялаштириш, таълим тизимини чуқурроқ ислоҳ қилиш билан бирга, таълим самарадорлигини ошириш мумкинлиги, таълим жараёнида тингловчига хорижий таълим тажрибаларини сингдириш ижобий натижаларни шакллантиришга сабаб бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, ҳозирги кунда Академияда ҳам бир қатор турдош олий ҳарбий таълим муассасалари мутахассислари билан ҳамкорликда таълим тизими ва уни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва курсантларга чет тилини ўқитишнинг самарадорлигини оширишда янгича инновацион технологияларнинг аҳамияти муҳимлигини бу борада давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан жонажон Ватанимизда ёшларимизга яратиб берилаётган улкан шарт-шароитлар замирида ҳам хорижий тилларни ўрганишга бўлган эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканлигини алоҳида эътироф этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар, миллий тил – халқлар ва миллатларнинг асосий мулоқот манбаи эканлигини, тил халқларни бирлаштиришини ва тарбиядаги аҳамиятини, миллий урф-одат, анъана ва маданиятларни сақлашини, бугунги глобаллашув ва интеграция жараёнида ҳарбий соҳа вакилларига хорижий тилларни ўқитишнинг мазмун-моҳияти ва ўқитиш жараёнида турли инновацион ёндашувлар, интерфаол усулларнинг ўрни ва аҳамияти хусусида кенг фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Анжуман давомида Академия Оркестр жамоаси хонандаси Муқаддас Муҳиддинова ва ижодкор курсантлар томонидан хорижий тиллардаги моҳирона ижро этилган турли куй-қўшиқлар қатнашчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Анжуман якунида Анжуманга ташриф буюрган меҳмонларга Академия раҳбариятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Академия катта

ўқитувчиси, майор.