Анжумандан кўзланган мақсад - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-120-сон қарори ижросини таъминлаш, мамлакатимиз мустақиллиги йилларида эришилган ютуқларни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, фавқулодда вазиятлар соҳасини янада ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий инновацион ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтиришдан иборатдир.

Мазкур анжуманда Республика “Маънавият ва маърифат” маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаол аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқаро тоифадаги спикер, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили Тўлқин Абдусатторов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Асқар Ғафуров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари юридик фанлар доктори профессор Абдуманноп Тулаганов, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси кафедра мудири, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Эркинжон Сабиров, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, тингловчилари, ҳарбий хизматчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, анжуман мавзусининг долзарблиги, фавқулодда вазиятлар соҳасини илмий асосда ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Анжуманда сўзга чиққанлар томонидан хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятлар соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш масалалари юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мавзу доирасида таклиф ва тавсиялар илгари сурилиб, иштирокчилар билан фикр алмашилди.

Анжуман доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг Илмий-инновацион тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўлими илмий ходими, катта лейтенант Шерали Мустақимов томонидан замонавий илмий-инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқилган учувчисиз учиш аппарати, шунингдек, унинг илмий ишланмалари ва ихтиролари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тақдимот давомида замонавий технологияларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мониторинг қилиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш жараёнларидаги имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Анжуман якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

ФВВ Академияси ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи, майор