Хусусан, шу йилнинг 2 декабрь куни Финляндиянинг Skillgrower компанияси асосчиси Паси Савола томонидан Қўқон шаҳрида жойлашган 41 та мактаб директорлари ва математика фани ўқитувчилари учун “Ёш авлоднинг математик билим ва кўникмаларини таълим платформалари ва сунъий интеллект технологиялари орқали ривожлантириш истиқболлари” мавзусида вебинар-тренинг ташкил этилди.

Финляндиянинг Skillgrower компанияси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти ва шаҳар прокуратураси билан ҳамкорлигида Қўқон университетида ташкил этилган тадбирда Skillgrower платформасининг имкониятлари, ундан фойдаланишнинг усул ва воситалари, платформадан Ўзбекистон шароитида фойдаланиш ва унинг имплементациясини амалга ошириш йўллари ҳамда ижтимоий йўналтирилган бизнес лойиҳанинг келажакдаги имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Хусусан, Skillgrower компанияси асосчиси, 2019 йилда ўтказилган “Энг яхши стартап” танлови ғолиби Паси Савола платформанинг имкониятлари, ундан фойдаланишнинг усул ва воситаларига тўхталиб ўтар экан, мазкур платформа 4-18 ёшдаги болаларнинг мустақил билим олиш кўникмаларини ошириши билан биргаликда, олган билимларини амалиётда қўллаш кўникмасини шакллантиришда ҳам муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари Ғолибжон Ботиров платформанинг ўзбек тилидаги талқинини йиғилганларга намойиш қилди ҳамда ўзбекистонлик ўқитувчилар ва ўқувчилар учун фойдаланишлари учун яратилган имкониятлар, бу орқали олинган билимларнинг таълим жараёнларига татбиқ этиш йўналишлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

– Йил бошидан бери ушбу платформага жойлаштирилган 18000 тадан ортиқ турли мисол ва масалалар математикларимиз томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Бир томондан ушбу давлатнинг математикани ўрганиш бўйича тажрибаси билан яқиндан танишган бўлсак, иккинчи томондан математика фанини замонавий АКТдан фойдаланиб ўргатиш бўйича тажриба орттирдик, – деди Ғ.Ботиров.

Шунингдек, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев ушбу платформанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида нафақат математика ўқитувчилари, балки ота-оналар ҳам фарзандларининг математик билимини кузатиб бориши, кенг ва мантиқий жиҳатдан мушоҳада қилиш қобилиятларининг шаклланиши ва ривожланишини мониторинг қилиб бориш имкониятига эга бўлишларини таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида платформадан фойдаланиш ҳамда уни янада такомиллаштириш юзасидан ўқитувчиларнинг ҳам таклиф ва мулоҳазалари тингланди ва бу борада ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга келишиб олинди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.