2017 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилган эди. Уюшмада дастлаб тизимда озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш ҳажми ва сифат кўрсаткичини оширишга эътибор қаратилди.

Ўтган давр мобайнида Уюшмага юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида 13 та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилди. Пиллачилик тармоғига 2018 йилда жами 50 млн. АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритилиши натижасида 31 та пиллани қайта ишлаш корхонаси модернизация қилинди, 8 та янги пиллани қайта ишлаш, 8 та ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш, 1 та тут баргидан чой ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қайта ишлаш корхоналарини пилла хомашёси билан мутаносиб равишда таъминлаш натижасида уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2020 йилда 94 фоизга чиқарилди. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2016 йилда 17,9 фоизни ташкил этган.

Уюшманинг жорий йилдаги режалари ҳам бисёр. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимида 2021 йилда озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 69 миллион туп тут кўчатлари экилади. 5,7 минг гектар майдонда янги тутзорлар ташкил қилиниб, республикамиздаги тутзорлар 56 минг гектарга етказилади.

Пилла етиштириш мавсумлари учун ипак қурти уруғчилик корхоналари томонидан 2021 йилда 240 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланади.