Корея Республикаси Президенти жаноб Мун Чжэ Иннинг 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича ташкил этилган гуруҳларга Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазирининг янги тайинланган ўринбосари На Синг Шик ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов ҳамраислик қилди.

Пандемия ва жаҳон инқирозининг ҳар икки мамлакат иқтисодиётларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кун тартибида муҳим ўрин эгаллади. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, таълим, АКТ йўналиши, саноатни рақамлаштириш, сув таъминоти, электромобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш соҳаларида йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кечикишлар хавфини камайтириш учун яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари муҳокама қилинди.

Томонлар Корея бизнесининг Ўзбекистонда ишлашга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат берувчи инвестициявий ҳамкорлик динамикасини юқори баҳоладилар. Умумий қиймати қарийб 3,4 миллиард долларга тенг бўлган олдиндан келишилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзаро савдо ҳажмининг ҳам ўсиши қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан Кореяга экспорт қилинган маҳаллий маҳсулотлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ошди.

Томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Корея бозорига чиқишини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Ўзбекистон ва Корея ўртасида Эркин савдо тўғрисида битимни тузиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Корея томони ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга ёрдам беришда давом этиши маълум қилинди.

Музокаралар якунида қўшма лойиҳалар ва дастурлар ижросини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирларни муҳокама қилиш мақсадида ҳар чоракда маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.