Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий‑методик маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманини очган Элдор Туляков “Тараққиёт стратегияси” маркази номидан бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини такомиллаштиришда нима учун таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида тўлиқ маълумот берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган барча таълим босқичларида сифат ва самарадорликни ошириш, билим даражасини халқаро стандартлар асосида мустаҳкамлаш учун комплекс чоралар белгиланган. Бу йўналишлар, жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, умумий ўрта таълим муассасалари инфратузилмасини янги босқичга кўтариш ва олий таълим тизимини замонавий даражага мувофиқлаштиришни ўз ичига олади.

Анжуманда таъкидланишича, стратегия доирасидаги устувор вазифалар орасида:

  • Мактабгача таълим билан қамраб олишни янада кенгайтириш;
  • Умумий ўрта таълим муассасаларини 100 % тоза ичимлик суви ва замонавий санитария‑гигиена шароити билан таъминлаш;
  • Таълим муассасаларига ҳар йили 600 нафаргача хорижий тиллар ва инновацион фанлар бўйича мутахассисларни жалб қилиш;
  • Педагогик йўналишларда давлат гранти билан тайёрланган кадрлар улушини ошириш ишлари ҳам борлиги таъкидланди.

Шунингдек, касбий таълим ва олий таълим соҳаларида янги усуллар жорий этилиб, таълим сифатини 70 %га ошириш ва битирувчиларнинг 1–3 йил ичида мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиш ҳолатини яхшилаш каби кўрсаткичлар белгиланди.

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Зулхумор Акбарова