Мазкур стратегиянинг қабул қилинишидаги асосий сабаблар янги таҳрирдаги Конституциямиздан ўрин олган ҳуқуқий нормаларни амалга оширишда ёрдам берувчи халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун имконият яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадларини ифода этувчи омиллардир.
Умумий 100 мақсаддан иборат мазкур стратегиянинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” деб ном олган биринчи йўналишида таълим тизими, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт, маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар қамраб олинди.
“Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” деб ном олган иккинчи йўналиш 17 мақсадни мужассамлаштириб, иқтисодиётни икки баробар ривожлантириш масалаларини қамраб олган. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш деб ном олган учинчи йўналишида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ислоҳотлар ўз аксини топган.
Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш номини олган тўртинчи йўналишда халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жамланган.
“Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” деб аталувчи бешинчи йўналишда очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ва мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотлар ўрин олган.
Мазкур йўналиш ва мақсадлар яқин келажакдаги мамлакатимиз ва халқимиз ривожи учун хизмат қилувчи, аҳолимиз турмуш тарзини янада яхшиловчи амалий ҳаракатлар йиғиндисидир.
С.ЭРОНОВ,
ТДТУ Олмалиқ филиали кафедра мудири,
С.ДОНИЕВ, катта ўқитувчи