Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари, Ўзбекистон ҳамда АҚШ парламентлари аъзолари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани қайд этилди. Жорий йилда нишонланаётган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муҳим воқеа ҳисобланади.

Дэниел Розенблюм Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг парламентлараро гуруҳининг АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик бўйича мулоқотини давом эттириш, икки мамлакат қонун чиқарувчилари делегацияларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштиришга муҳим аҳамият берилаётгани алоҳида таъкидланди.

“Ўзбекистон бўйича кокус” фаолиятининг ижобий ўрни ва самарадорлиги қайд этилди.

Томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёрликларини билдирдилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.