Мазкур ўйинда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракатланади.

Баҳсни Абдуллоҳ Жамали (Қувайт) бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Унга қанотларда Аҳмад Саид Алрашди (БАА) ҳамда Файсал Эид Алшаммари (Қатар) ёрдам беради. 4-расмий ҳакам вазифаси эса оманлик Қосим Матар Ал-Ҳатмига топширилган. Учрашув "Бунёдкор" стадионида соат 19:00 да старт олади.

Ушбу баҳсда қайси жамоанинг ғалаба қозониб, финалга йўл олиши ҳақида олдиндан тахмин қилиш қийин. Зеро, жамоамиз каби кореялик футболчилар ҳам ушбу босқичга кўтаринки руҳда етиб келишди.

Мазкур баҳс олдидан "Ўтган ўйинда кўп куч ва ҳиссиётларни йўқотдик. Бу ғалаба ҳаракатларга арзийди. Корея Республикаси билан ҳам шиддаткор ва қизиқарли ўйин бўлиши шубҳасиз. Шундай характердаги ўйинга тайёргарлик кўрмоқдамиз", – деди Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров.

Терма жамоамиз аъзоси Пўлатхўжа Холдоров эса "Ҳозир ҳаммаси ажойиб. Ўтган баҳсда мухлислар стадионда ажойиб муҳит яратди. Кейинги ўйинларда ҳам ишқибозларни кутиб қоламиз. Бу биз учун босим юкламайди, аксинча, куч беради. Корея – кучли терма жамоа. Уларнинг кучли ва кучсиз тарафларини ўрганиб чиққанмиз. Мураббийлар шунга яраша тактика танлашяпти", деди.