Ўзбекистон ва Миср Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати натижасида кейинги йилларда муносабатларимиз янги босқичга чиқди. Айниқса, мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Миср икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага кўтарди. Мисрнинг “Назар – 2030” стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бир-бирига ҳамоҳангдир.

Бундан 32 йил аввал ўрнатилган дипломатик муносабатлар, мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий шериклик туфайли барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик динамикаси изчил ўсиб бормоқда. Давлатларимиз халқаро миқёсда бир-бирини дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда уч баробардан зиёдни ташкил этиб, 2017 йилдаги қарийб 10 миллион доллардан 2022 йилда 30,5 миллион долларгача етди. Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти эса 16 баробарга ошган.

Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам тобора кенгаймоқда. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги дипломатик ваколатхонаси кўмагида 2022 йил Мисрнинг 25 компанияси вакилларининг мамлакатимизга амалий сафарлари ташкил қилинди, ўнлаб бизнес-форумлар ва давра суҳбатлари уюштирилди. Мамлакатимизнинг очиқлиги, амалга оширилаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқалари, бизнес форумлар ва қўшма корхоналар савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш имконини берди.

Иқтисодий, инвестициявий муносабатлар изчил ривожланиб боришида мисрлик тадбиркорларнинг Тошкент, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Термиз шаҳарларига ташрифлари сезиларли таъсир кўрсатди. Бугунги кунда мисрлик ишбилармонлар иштирокида Ўзбекистонда 12  қўшма корхона фаолият юритмоқда. Лекин ўзаро иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги кўрсаткичи ва ҳажмини янада кенгайтириш имкони бор.

Шу боис, яқин йилларда савдо ҳажмини ўн баробаргача ошириш мақсад қилинган. Бугун Мисрнинг “Solyphar” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зонасида дори-дармон ишлаб чиқариш заводини қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, “Elsewedy Electric” компанияси томонидан мамлакатимиз энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инновация ишланмаларини жорий этиш устида ҳам иш кетяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20–21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи икки давлатнинг иқтисодий, сиёсий, сармоявий, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлиги ривожланишига янгича туртки бериши, шубҳасиз. Боиси, кейинги йилларда икки томонлама алоқалар суръати фаоллашган. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайди. Бу нафақат Миср, балки бутун дунёда Ўзбекистонга нисбатан ишончли савдо шерик сифатидаги қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистон – Миср бизнес форуми якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилгани ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, барча соҳаларда улкан юксалишларга пойдевор бўлади. Айтиш жоизки, Миср Ўзбекистон учун Африка бозорларига, Ўзбекистон эса Миср учун Марказий Осиё бозорларига кириш дарвозаси ҳисобланади. Икки дўст давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик учун катта имкониятлар борлигини ҳисобга олсак, иқтисодий соҳадаги келишувлар имзоланиши, ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар режаларни муваффақиятли амалга оширишга замин яратади.  

Ташриф чоғида икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси учун кенг имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар бор. Ҳамкорликни янги поғонага кўтарган ушбу ташриф давомида ҳам ушбу масалалар кун тартибидан ўрин олди. Хусусан, энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилгани ташрифнинг муҳим натижаларидан бири бўлди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, эришилган келишувларнинг аксарияти икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу эса Ўзбекистон нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақалар орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганига ишорадир. Бинобарин, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳар бир соҳада бўлаётган янгиланишлар, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани Миср бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очмоқда.

“Elsewedy Electric” компанияси электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик корхона бўлиб, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва қўшимча қисмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр. “Orascom Construction” Ўзбекистонда индустриал парк яратиб, лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор. Миср ҳам, Ўзбекистон ҳам ўз минтақасидаги асосий давлатлар бўлиб, энг муҳим транспорт артериялари чорраҳасида стратегик ўрин тутади. Бу уларнинг геосиёсий аҳамиятини ошириб, транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Агар Ўзбекистон минтақада мустаҳкам ўрни ва ҳурматига эга мамлакат эканини, Миср эса йиллар давомида араб дунёсида ўзининг салмоқли сўзини айтиб келаётганини эътиборга олсак, икки давлат саъй-ҳаракатларини бирлаштириш минтақавий кун тартиби учун фақат ижобий натижалар беради, деб ишонамиз.

Шу жиҳатдан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мисрга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги халқ дипломатиясини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади. Ташриф доирасида эришилган келишувларнинг изчил ҳаётга татбиқ этилиши эса икки давлат ўртасида барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Энг муҳими, Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янада юқори босқичга кўтаради.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати