Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибидаги масалалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистон Ислом Республикасига бўлажак ташрифига тайёргарлик ва ушбу ташриф доирасида режалаштирилган тадбирлар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги чоралар муҳокама қилинди. Олий даражадаги ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бахш этиши ва уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги қатор масалалар кўриб чиқилди. Уларни ҳал қилиш механизмлари юзасидан фикр алмашилгач, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтадиган 7-йиғилишида аниқ келишувларга эришиш юзасидан якдил қарорга келинди.

Учрашув якунида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш мақсадида ҳукуматлараро ва идоралараро даражада фаол ҳамкорлик қилишга содиқликларини билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.