Мазкур ҳамкорлик алоқалари кенг кўламда олиб борилиши режалаштирилмоқда. Икки таълим муассасаси ўртасида профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар алмашинуви тизимли йўлга қўйилади. Маълум бир ихтисослик таълим йўналишлари бўйича қўшма ўқув дастурларини яратишда ўзаро тажриба алмашинув ташкил этилади. Шунингдек, янги долзарб илмий мавзулар юзасидан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, илмий конференциялар, семинарлар ҳамда симпозиумлар ташкил этиш кўзда тутилаётир.
Ўзаро мулоқот асносида шу куннинг ўзида “Aбу Наср Фаробийнинг ижтимоий-фалсафий мероси” мавзусида ҳамкорликда халқаро онлайн ўқув-машғулоти ҳам ўтказилди. Онлайн дарсни икки таълим муассаса профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар кузатиб борди.
— Aбу Наср Фаробий жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлардан биридир, — дейди фалсафа фанлари номзоди, доцент Мавлуда Рахимшикова. — Беназир аллома қадимги юнон мутафаккирлари Aфлотун, Aрасту, Демокрит ва бошқаларнинг фалсафий меросини пухта ўрганиб, уларнинг асарларига шарҳлар ёзди. Ва бу орқали янги фалсафий таълимот яратди. Aлломанинг “Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари”, “Шаҳарни идора этиш ҳақида рисола”, “Шаҳар жамоалари ҳақида рисола”, “Фазилат, бахт-саодат ва камолот ҳақида” каби қатор фалсафий характерга эга асарларида ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳалари, жумладан, комил инсон ва унинг ахлоқий меъёрлари белгилаб берилди. Шу нуқтаи назардан, буюк бобокалонимиз бутун дунёда “Муаллими соний”, яъни “Иккинчи муаллим” деган шарафга сазовор бўлди.
Тадбирда Aбу Наср Фаробий илмий меросини ўрганиш бугунги ёшлар таълим-тарбияси, дунёқараши шаклланиши ҳамда жамият ҳаётнинг ривожланишида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.