Суҳбат аввалида Т.Нарбаева Юсуф ал-Утайбийни Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлангани ҳамда мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан муборакбод этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан жорий йил 17-18 август кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Икки томонлама муносабатларнинг ривожланишида парламентлараро алоқалар муҳим омил экани, бу борада мамлакатларимиз парламентларида таъсис этилган дўстлик гуруҳлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва амалий натижалар билан бойитиш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, ўзаро тажриба алмашиш, турли даражадаги делегациялар ташрифларини мунтазам ташкил этиш, шунингдек, парламентлардаги қўмиталар ўртасида алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.