Муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “Мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим устувор йўналиши дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик ҳамда ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдан иборат” эканлиги таъкидланди.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Конституциявий қонун лойиҳасида Конституциянинг муқаддимасида ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини кузатиш мумкин. Маълумки, Конституция муқаддимаси унинг кириш қисми сифатида у конституцияни қабул қилиш мақсадини ўзида мужассам этади. Муқаддимада Конституциянинг асосий қисмида батафсил очиб бериладиган конституциявий тузум белгилари ва йўналишлари мазмуни ифодалайди.
Бинобарин, Конституциявий қонун лойиҳасида муқаддима қисмида “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат қилиш, тинчлик ва тотувлик асосидаги уйғун, дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда ривожлантиришга интилиб” деган мазмундаги банд киритилган.
Конституцияга киритилаётган мазкур норма, ўз навбатида, янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат қилиш, тинчлик ва тотувлик асосидаги уйғун, дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда ривожлантиришга интилиши мазмунан мафкуравий, ғоявий ва сиёсий жиҳатдан йўналтирилганлигини ифодалайди.
Шунингдек, Конститутциявий Қонун лойиҳасида Конституциянинг 17-моддасига ҳам мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини ифодаловчи бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ташқи сиёсатининг асосий мақсадларини мужассам этган.
Қонун лойиҳасида 17-модданинг биринчи қисми ўрнига қуйидагича биринчи ва иккинчи қисмларни киритиш таклиф этилган:
“Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб боради”.
Қонун лойиҳасида Конституциянинг 17-моддасига киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар ҳалқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойилларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳалқаро ҳуқуқнинг давлатлар ташқи сиёсатининг зарурий мезонларини ифода этган. Зеро, янги Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб бориши билан бир қаторда халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилиши ва унга оғишмай амал қилишини ҳам ифода этади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини хурмат қилиш тамойили. БМТ Низомининг 1-моддасида ташкилот аъзолари орасидаги ҳамкорлик назарда тутилиб, “инсон ҳуқуқлари ва барчанинг ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар асосий ҳуқуқларининг ҳукумат томонидан рағбатлантирилиши ва ривожлантирилиши” назарда тутилган. Қонун лойиҳасига ушбу тамойилнинг киритилиши инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилинишини таъминлайди.
Ташқи чегараларнинг бузилмаслиги (яхлитлиги) тамойили. Халқаро ҳуқуқнинг анъанавий тамойили бўлган давлат чегаралари дахлсизлиги тамойилига жуда ўхшаш бўлиб, давлат чегаралари дахлсизлиги тамойилининг мазмун ва моҳияти давлатларнинг маълум жойдаги мавжуд чегара чизиғига риоя қилиш мажбуриятларини ўз ичига олади, бу маълум жойдаги чегара чизиғининг бемалол ўзгартирилиши ва тегишли рухсатсиз ёки қоидадан ташқари равишда уни кесиб ўтишга йул куймасликнинг олдини олади.
Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойили. БМТнинг Низоми куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид солиш, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги (дахлсизлик) ва ҳар қандай давлатнинг сиёсий мустақиллигига қарши қўлланишини таъқиклаб қўйган.
Низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойили. БМТ Низомининг 2-модда 3-бандида “БМТнинг барча аъзолари халқаро низоларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ҳамда адолатга хавф солмайдиган ҳолда тинч воситалар билан ҳал қиладилар”, деб баён этилган. Уларда уруш усулида мурожаат қилиш ҳуқуқи чегараланиб, халқаро низоларни тинч йул билан ҳал қилиш воситалари ривожлантирилган ва давлатлар зиммасига бундай воситаларни қўллаш мажбурияти юкланган.
Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир давлат билан ташқи сиёсат олиб боришдаги дўстона муносабати, ташқи сиёсий фаолиятнинг энг муҳим вазифалари сифатида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджи, ўрни ва обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган барча давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларининг барқарор тизимини барпо этиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни муттасил ва изчил ривожлантиришга қаратилади.
Янги Ўзбекистонинг ташқи сиёсатида тинчликсевар давлат сифатида жаҳонга юзланши мамлакатимизнинг ташқи сиёсатда тинчликпарварликка асосланган, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий воситалар билан ҳал этишга қаратилган йўлдан боради.
Муҳтасар айтганда, янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда дўстона ва тинчликсевар давлат сифатида конституциявий эътироф этилиши унинг дипломатик имиджини янада оширишда муҳим ўрин тутади. Шу боис, қонун лойиҳасидаги Конституциянинг Ўзбекистон ташқи сиёсатига оид нормаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар халқаро ва давлатлараро муносабатларда янгича ёндошув ва самарали ташқи сиёсий фаолиятни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.
Аброржон Отажонов,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали директори
юридик фанлар доктори,
профессор