Бир-биримизни ана шундай яқинлик, уйғун қадриятлар билан бирга ўзаро ҳурмат, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Қадимдан бир заминда ёнма-ён, аҳил қўшни бўлиб яшаб келаётган биродар халқлар ўртасида асрлар давомида шаклланган қуда- андалик анъаналари ҳамон давом этиб келмоқда.
Тожикистон бугун ҳам Ўзбекистоннинг давр синовидан ўтган ишончли ҳамкори, дўстидир. Ҳозир кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишида улкан тарaққиёт кузатилмоқда. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон — Тожикистон муносабатлари тарихида тубдан янги давр бошланди. Сиёсий, иқтисодий, маданий алоқалар шиддатли ривожланиб, ўзаро дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик даражаси мазмун жиҳатидан бойиди, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳақли равишда стратегик шерикликдан иттифоқчилик мақомига кўтарилди.
2016-2025 йилларда Ўзбекистон — Тожикистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг кескин кенгайиши ҳам айнан ана шу юксак иттифоқчилик мақоми даражасида юз берди. Муносабатлар сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда жадал ривожланмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ошиб, саноат кооперацияси, энергетика ва транспорт йўналишларида муҳим, фойдали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, икки давлат ўртасидаги ташқи савдо қиймати 2016 йилда бор-йўғи 197,1 миллион долларга тенг бўлган. Бу кўрсаткич давлатларимизнинг мавжуд иқтисодий имкониятидан жуда кам эди. 2016-2025 йилларда Ўзбекистон — Тожикистон товар алмашуви ҳажми 912,3 миллион долларга етди ёки 4,6 баравар ошди.
Жорий йил 19 февраль куни Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари иштирок этган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 13-ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ҳамкорлик барча йўналишда жадал ривожланаётгани қайд этилди ва уни келгусида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу жараёнда ҳар икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш жуда муҳим ва айни борада қатор чора-тадбирлар кўриляпти. Жумладан, Сурхондарё билан Хатлон, Самарқанд билан Сўғд вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
2018 йил апрелда Самарқанд шаҳрида Сўғд вилояти ишбилармон доиралари иштирокида саноат ярмаркаси ўтказилганди. Анъанага айланган мана шундай саноат ярмаркалари қўшни вилоятларнинг ишбилармонлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тадбирлар доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида жуда кўп бизнес ва ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида давлатларимиз ўртасидаги 17 та чегара-назорат пунктининг барчаси тўлиқ фаолият юрита бошлагани муҳим аҳамият касб этяпти.
Ўзаро савдо таркиби кенгаймоқда
2016 йилгача бўлган даврда икки давлат ўртасида ўзаро савдодаги маҳсулотлар номенклатураси чекланган бўлиб, бу қўшни мамлакатлар салоҳиятидан анча паст эди. Иттифоқчилик мақоми ўзаро савдо таркибига ҳам жуда катта ижобий таъсир кўрсата бошлади.
Жумладан, Миллий статистика қўмитаси дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг 2025 йилда Тожикистонга экспорт қилган маҳсулотлари умумий ҳажми 683,1 миллион долларга етган бўлса, унинг таркибида 222,7 миллион долларлик саноат маҳсулотлари (турли трикотаж ва пластмасса маҳсулотлари, металл прокати ва бошқалар), 58,7 миллион долларлик машина ва транспорт жиҳозлари (электротехника ва бошқа жиҳозлар), 53,1 миллион долларлик минерал маҳсулотлар (бензин, битум, газ), 53 миллион долларлик кимёвий маҳсулотлар (полимер, сульфат, силикат, ўғит, бўёқ), 48,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари (чорва учун озуқа, тухум, қандолатчилик маҳсулотлари, тайёр гўшт маҳсулотлари ва бошқалар), 21 миллион долларлик турли тайёр маҳсулотлар (қурилиш материаллари, тайёр кийим, ипак матолари), 147,4 миллион долларлик хизматлар (асосан темир йўл транспорти) кабилардан иборат бўлди.
Тожикистоннинг Ўзбекистонга экспорти номенклатураси ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Масалан, 2025 йилда қўшни давлатнинг мамлакатимизга умумий экспорти қиймати 229,3 миллион долларга етди. Унинг таркиби руда ва концентратлар (рух, мис ва қимматбаҳо металлар — 108,9 миллион долларлик), тошкўмир (22,3 миллион долларлик), электр энергияси (17,9 миллион долларлик), пахта толаси (17,6 миллион долларлик), мева-чева (7,4 миллион долларлик), қора металл (5,1 миллион долларлик), уй паррандаси (2,4 миллион долларлик), пластмасса чиқиндилари (1,8 миллион долларлик), жами 6,6 миллион долларлик олтингугурт, дала шпати ва хизматлар (асосан темир йўл хизмати)дан иборат.
Улкан мақсадларга биргаликда эришиш мумкин
2016-2025 йилларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар шиддатли ривожланганини қайд этдик. Шунга қарамай, иқтисодий алоқалар кенгайиши учун ҳар икки давлат ҳам улкан имкониятларга эга. Жумладан, 2025 йил якунида Тожикистоннинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 2017 йилдаги 0,9 фоиздан 1,1 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз экспорти таркибида 1,5 фоиздан 2 фоизга, импортида эса 0,4 фоиздан 0,5 фоизга етди, холос.
Тўғри, охирги йилларда иқтисодий ҳамкорлик даражасидаги ўсиш суръати кескин ошмоқда. Масалан, 2025 йили товар айланмаси 2024 йилдагига нисбатан 22,5 фоиз, экспорт 24,1 фоиз, импорт 13,8 фоиз ўсишига эришилди. Бундай ўсиш суръатининг давом этиши иккала давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини кескин ошириб, 2 миллиард долларга етказишдек улкан мақсадга тезда эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Бунинг учун давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг қатор захира ва имкониятларидан самарали фойдаланиш тақозо этилади.
Саноат соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг устувор йўналишларидан. Жумладан, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма кластерлар ташкил этиш ва уларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биргаликда учинчи давлатларга экспорт қилиш мумкин.
Тўқимачилик ҳам иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли соҳаси. Яқин йилларгача Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта хомашёсининг 10-15 фоизигина юртимизда қайта ишланар, қолган 85-90 фоизи хорижга тола ва ип-калава шаклида экспорт қилинарди. Натижада пахта толасини қайта ишлашдан келадиган фойданинг асосий қисми ҳам хориждаги мато ишлаб чиқарадиган, тайёр кийим тикадиган ва уларни сотадиган компаниялар ҳисобига тушар эди.
Ўзбекистонда пахта етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш соҳалари сўнгги йилларда ягона нуқтага бирлаштирилди, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари тизими ташкил этилди. Мазкур кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши пахтачилик ва тўқимачилик соҳалари ривожида янги саҳифа очди. Хомашёни етиштирувчи ва қайта ишловчи тизимлар фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Хуллас, пахта-тўқимачилик соҳаларини кластерлар шаклида биргаликда ривожлантириш борасида Ўзбекистонда катта тажриба тўпланди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳамкорликда икки давлат ҳудудида саноат кооперацияси асосида тўқимачилик кластерлари ташкил этиш катта истиқболга эга. Зеро, тайёр маҳсулотларни хорижга сотиш ҳар икки томон — ўзбек ва тожик ишбилармонларига, деҳқонларга, саноат ишчиларига қўшимча катта фойда олиш имконини беради.
Сўнгги йилларда қатор давлатларда касалликларни даволашда кимёвий дориларни камроқ ишлатиб, табиий ўсимлик ва гиёҳлардан кўпроқ фойдаланиляпти. Ўзбек ва тожик замини эса табиий дорилар ишлаб чиқариш учун хомашё бўлган турли-туман ўсимлик ва шифобахш гиёҳларга ўта бой. Ана шу табиий бойликдан фармацевтика саноатида оқилона фойдаланиш бугун инсон саломатлигини сақлаш учун катта аҳамият касб этади. Шу мақсадда давлатларимиз фармацевтика соҳасида жуда салмоқли ишлар қиляпти. Жумладан, Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштириш учун ноёб шароитни инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини юртимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори-дармон билан тўлдириш мақсадида 2017 йили Президентимизнинг махсус фармони билан “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилганди.
Фармацевтика соҳасида ташкил этилган 7 та эркин иқтисодий зона орқали доривор ўсимликлар хомашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва қайта ишлаш борасида соҳадаги ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш, юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби вазифаларни бажариш мақсад қилинган. Демак, томонларда фармацевтика соҳаси бўйича ҳам самарали ҳамкорлик қилиш имконияти катта.
Ўзбекистон ва Тожикистон минтақада хомашё ва қайта ишланмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик экспортчилари. Шунинг учун уларни қайта ишлаш учун қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳам ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. Икки мамлакат улкан Евроосиё ҳудудида мева-сабзавотларнинг жуда кўп турини етиштириш ва уларни қайта ишланмаган, қуритилган ва қайта ишланган ҳолда экспорт қилиш ҳажми бўйича етакчи мавқега эга.
Мева-сабзавотларни қайта ишлаш, жумладан, саноат усулида қуритиш соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш арзон, сифатли ва хорижий бозорларда харидоргир тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини катта ҳажмларда ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Бу маҳсулотларни МДҲ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон — Тожикистон инвестиция компаниясининг молиявий имкониятларидан қўшма ихтисослашган тармоқларни яратиш учун фойдаланиш мумкин. Қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар ҳажмининг ошиши таннархнинг пасайиши ва МДҲ мамлакатлари бозорига ҳам, Хитой бозорига ҳам экспорт қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбек ва тожик деҳқонлари асрлар давомида сайқалланган юксак зироатчилик цивилизациясини яратган. Бу икки маконда қишлоқ хўжалиги суғорма деҳқончилик анъаналари асосида шаклланган ва ривож топган. Ана шу улкан тажрибага таянган ҳолда ҳар икки давлат ҳудудида янги ерларни ўзлаштириш, ирригация ва мелиорация, ер-сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, аграр тармоққа рақамли технологиялар, инновация ютуқлари ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжуд.
Тожикистон ўзида ишлаб чиқарилмайдиган тайёр маҳсулотлар, хусусан, автомобиль, маиший техника, айниқса, кир ювиш машинаси, кондиционер, катта ҳажмли музлаткич, баъзи озиқ-овқат, тўқимачилик ва кимё маҳсулотлари экспортини ошириш учун истиқболли бозордир. Қўшни давлат билан умумий чегара ва ривожланган транспорт инфратузилмаси мавжудлиги маҳсулотларни ташиш харажати пасайишига асос бўлади.
Тожикистонда гидроэнергетика иншоотларини биргаликда қуриш ва ишлатиш ҳамда трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу йўл билан нисбатан арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, озиқ-овқат саноати корхоналарини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш асосида катта миқдорда экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни учинчи давлатлар, жумладан, Афғонистонга экспорт қилиш имкони мавжуд. Бунинг учун Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда агрологистика марказлари ва омборхоналарни биргаликда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида кўп асрлар давомида барпо этилган ноёб қадимги ёдгорликлар мавжуд. Икки халқ ўртасида бу осори атиқаларни, айниқса, ислом маданиятига мансуб мажмуаларни зиёрат қилишга интилиш катта. Шу боис, мазкур соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, айниқса, шундай ёдгорликлар жойлашган ҳудудларга тўғридан тўғри самолёт ва автобус қатновини йўлга қўйиш иқтисодий барқарорлик билан бирга ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳини мустаҳкамлаш, борди-келдиларни янада яхшилашга замин яратади.
Умуман олганда, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, унинг ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш икки мамлакат иқтисодий ўсиши, халқларимиз фаровонлашувига сезиларли таъсир кўрсатади. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва унда қабул қилинадиган келишувлар эса икки давлат ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада кучайтириш, иттифоқчилик мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Одил ОЛИМЖОНОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар
маркази бош илмий ходими,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор