Бир-биримизни ана шундай яқинлик, уйғун қадриятлар билан бирга ўзаро ҳурмат, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Қадимдан бир заминда ёнма-ён, аҳил қўшни бўлиб яшаб келаётган биродар халқлар ўртасида асрлар давомида шаклланган қуда- андалик анъаналари ҳамон давом этиб келмоқда.

Тожикистон бугун ҳам Ўзбекистоннинг давр синовидан ўтган ишончли ҳамкори, дўстидир. Ҳозир кўп қиррали ҳамкорлик­нинг барча йўналишида улкан тарaққиёт ку­затилмоқда. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон — Тожикистон муносабатлари тарихида тубдан янги давр бошланди. Сиё­сий, иқтисодий, маданий алоқалар шиддатли ривожланиб, ўзаро дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик даражаси мазмун жиҳатидан бо­йиди, давлатларимиз ўртасидаги муносабат­лар ҳақли равишда стратегик шерикликдан иттифоқчилик мақомига кўтарилди.

2016-2025 йилларда Ўзбекистон — Тожи­кистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг кескин кенгайиши ҳам айнан ана шу юксак иттифоқчилик мақоми даражасида юз берди. Муносабатлар сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда жадал ривожланмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ошиб, саноат кооперацияси, энергетика ва транспорт йўналишларида му­ҳим, фойдали лойиҳалар амалга оширилмоқ­да. Масалан, икки давлат ўртасидаги ташқи савдо қиймати 2016 йилда бор-йўғи 197,1 миллион долларга тенг бўлган. Бу кўрсаткич давлатларимизнинг мавжуд иқтисодий имко­ниятидан жуда кам эди. 2016-2025 йилларда Ўзбекистон — Тожикистон товар алмашуви ҳажми 912,3 миллион долларга етди ёки 4,6 баравар ошди.

Жорий йил 19 февраль куни Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари иштирок этган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 13-ҳукуматлараро комиссия йиғи­лишида ҳамкорлик барча йўналишда жадал ривожланаётгани қайд этилди ва уни кел­гусида янада кенгайтириш масалалари му­ҳокама қилинди. Бу жараёнда ҳар икки дав­латнинг чегарадош ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш жуда муҳим ва айни борада қатор чора-тадбирлар кўриляп­ти. Жумладан, Сурхондарё билан Хатлон, Самарқанд билан Сўғд вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ма­даний-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида би­тимлар имзоланди.

2018 йил апрелда Самарқанд шаҳрида Сўғд вилояти ишбилармон доиралари ишти­рокида саноат ярмаркаси ўтказилганди. Анъ­анага айланган мана шундай саноат ярмарка­лари қўшни вилоятларнинг ишбилармонлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ўр­натиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тадбирлар доирасида икки вилоят тадбир­корлари ўртасида жуда кўп бизнес ва ҳамкор­лик шартномалари имзоланмоқда. Савдо-иқ­тисодий алоқалар ривожида давлатларимиз ўртасидаги 17 та чегара-назорат пунктининг барчаси тўлиқ фаолият юрита бошлагани му­ҳим аҳамият касб этяпти.

Ўзаро савдо таркиби кенгаймоқда

2016 йилгача бўлган даврда икки дав­лат ўртасида ўзаро савдодаги маҳсулотлар номенклатураси чекланган бўлиб, бу қўшни мамлакатлар салоҳиятидан анча паст эди. Ит­тифоқчилик мақоми ўзаро савдо таркибига ҳам жуда катта ижобий таъсир кўрсата бош­лади.

Жумладан, Миллий статистика қўмитаси дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбе­кистоннинг 2025 йилда Тожикистонга экс­порт қилган маҳсулотлари умумий ҳажми 683,1 миллион долларга етган бўлса, унинг таркибида 222,7 миллион долларлик саноат маҳсулотлари (турли трикотаж ва пластмасса маҳсулотлари, металл прокати ва бошқалар), 58,7 миллион долларлик машина ва транс­порт жиҳозлари (электротехника ва бошқа жиҳозлар), 53,1 миллион долларлик минерал маҳсулотлар (бензин, битум, газ), 53 миллион долларлик кимёвий маҳсулотлар (полимер, сульфат, силикат, ўғит, бўёқ), 48,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари (чорва учун озуқа, тухум, қандолатчилик маҳсулот­лари, тайёр гўшт маҳсулотлари ва бошқалар), 21 миллион долларлик турли тайёр маҳсулот­лар (қурилиш материаллари, тайёр кийим, ипак матолари), 147,4 миллион долларлик хизматлар (асосан темир йўл транспорти) ка­билардан иборат бўлди.

Тожикистоннинг Ўзбекистонга экспор­ти номенклатураси ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Масалан, 2025 йилда қўшни дав­латнинг мамлакатимизга умумий экспор­ти қиймати 229,3 миллион долларга етди. Унинг таркиби руда ва концентратлар (рух, мис ва қимматбаҳо металлар — 108,9 мил­лион долларлик), тошкўмир (22,3 миллион долларлик), электр энергияси (17,9 миллион долларлик), пахта толаси (17,6 миллион дол­ларлик), мева-чева (7,4 миллион долларлик), қора металл (5,1 миллион долларлик), уй пар­рандаси (2,4 миллион долларлик), пластмасса чиқиндилари (1,8 миллион долларлик), жами 6,6 миллион долларлик олтингугурт, дала шпати ва хизматлар (асосан темир йўл хизма­ти)дан иборат.

Улкан мақсадларга биргаликда эришиш мумкин

2016-2025 йилларда икки давлат ўртасида­ги савдо-иқтисодий муносабатлар шиддатли ривожланганини қайд этдик. Шунга қарамай, иқтисодий алоқалар кенгайиши учун ҳар икки давлат ҳам улкан имкониятларга эга. Жумла­дан, 2025 йил якунида Тожикистоннинг Ўзбе­кистон умумий товар айланмасидаги улуши 2017 йилдаги 0,9 фоиздан 1,1 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз экспорти таркибида 1,5 фоиздан 2 фоизга, импортида эса 0,4 фоиз­дан 0,5 фоизга етди, холос.

Тўғри, охирги йилларда иқтисодий ҳам­корлик даражасидаги ўсиш суръати кескин ошмоқда. Масалан, 2025 йили товар айланма­си 2024 йилдагига нисбатан 22,5 фоиз, экспорт 24,1 фоиз, импорт 13,8 фоиз ўсишига эришил­ди. Бундай ўсиш суръатининг давом этиши иккала давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини кескин ошириб, 2 миллиард доллар­га етказишдек улкан мақсадга тезда эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.

Бунинг учун давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг қатор захира ва имкониятларидан самарали фойдаланиш тақозо этилади.

Саноат соҳасида ҳамкорликни ривожлан­тириш ўзаро иқтисодий алоқаларни кенгай­тиришнинг устувор йўналишларидан. Жум­ладан, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма кластерлар ташкил этиш ва уларда иш­лаб чиқарилган маҳсулотларни биргаликда учинчи давлатларга экспорт қилиш мумкин.

Тўқимачилик ҳам иқтисодий ҳамкор­ликни янада кенгайтиришнинг истиқбол­ли соҳаси. Яқин йилларгача Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта хомашёсининг 10-15 фоизигина юртимизда қайта ишланар, қол­ган 85-90 фоизи хорижга тола ва ип-кала­ва шаклида экспорт қилинарди. Натижада пахта толасини қайта ишлашдан келадиган фойданинг асосий қисми ҳам хориждаги мато ишлаб чиқарадиган, тайёр кийим ти­кадиган ва уларни сотадиган компаниялар ҳисобига тушар эди.

Ўзбекистонда пахта етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот иш­лаб чиқариш соҳалари сўнгги йилларда ягона нуқтага бирлаштирилди, яъни пахта-тўқима­чилик кластерлари тизими ташкил этилди. Мазкур кластерлар фаолиятининг йўлга қў­йилиши пахтачилик ва тўқимачилик соҳалари ривожида янги саҳифа очди. Хомашёни етиш­тирувчи ва қайта ишловчи тизимлар фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди.

Хуллас, пахта-тўқимачилик соҳаларини кластерлар шаклида биргаликда ривожлан­тириш борасида Ўзбекистонда катта тажриба тўпланди. Шундан келиб чиқиб айтиш мум­кинки, ҳамкорликда икки давлат ҳудудида саноат кооперацияси асосида тўқимачилик кластерлари ташкил этиш катта истиқболга эга. Зеро, тайёр маҳсулотларни хорижга сотиш ҳар икки томон — ўзбек ва тожик ишбилар­монларига, деҳқонларга, саноат ишчиларига қўшимча катта фойда олиш имконини беради.

Сўнгги йилларда қатор давлатларда ка­салликларни даволашда кимёвий дориларни камроқ ишлатиб, табиий ўсимлик ва гиёҳлар­дан кўпроқ фойдаланиляпти. Ўзбек ва тожик замини эса табиий дорилар ишлаб чиқариш учун хомашё бўлган турли-туман ўсимлик ва шифобахш гиёҳларга ўта бой. Ана шу табиий бойликдан фармацевтика саноатида оқилона фойдаланиш бугун инсон саломатлигини сақ­лаш учун катта аҳамият касб этади. Шу мақ­садда давлатларимиз фармацевтика соҳасида жуда салмоқли ишлар қиляпти. Жумладан, Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ри­вожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштириш учун ноёб шароитни инобатга олган ҳолда маҳал­лий доривор воситалар бозорини юртимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори-дар­мон билан тўлдириш мақсадида 2017 йили Президентимизнинг махсус фармони билан “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилганди.

Фармацевтика соҳасида ташкил этилган 7 та эркин иқтисодий зона орқали доривор ўсимликлар хомашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва қайта ишлаш борасида соҳадаги ишлаб чиқариш ва ре­сурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш, юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулот­лари ва дори воситаларини ишлаб чиқариш­ни ташкил этиш каби вазифаларни бажариш мақсад қилинган. Демак, томонларда фарма­цевтика соҳаси бўйича ҳам самарали ҳамкор­лик қилиш имконияти катта.

Ўзбекистон ва Тожикистон минтақада хомашё ва қайта ишланмаган қишлоқ хў­жалиги маҳсулотларининг йирик экспорт­чилари. Шунинг учун уларни қайта ишлаш учун қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳам ўзаро ҳамкорликнинг истиқбол­ли йўналишидир. Икки мамлакат улкан Ев­роосиё ҳудудида мева-сабзавотларнинг жуда кўп турини етиштириш ва уларни қайта иш­ланмаган, қуритилган ва қайта ишланган ҳолда экспорт қилиш ҳажми бўйича етакчи мавқега эга.

Мева-сабзавотларни қайта ишлаш, жумла­дан, саноат усулида қуритиш соҳасида қўш­ма корхоналар ташкил этиш арзон, сифатли ва хорижий бозорларда харидоргир тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини катта ҳажмлар­да ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Бу маҳсулотларни МДҲ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон — Тожикис­тон инвестиция компаниясининг молиявий имкониятларидан қўшма ихтисослашган тар­моқларни яратиш учун фойдаланиш мумкин. Қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар ҳажмининг ошиши тан­нархнинг пасайиши ва МДҲ мамлакатлари бозорига ҳам, Хитой бозорига ҳам экспорт қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбек ва тожик деҳқонлари асрлар да­вомида сайқалланган юксак зироатчилик цивилизациясини яратган. Бу икки маконда қишлоқ хўжалиги суғорма деҳқончилик анъ­аналари асосида шаклланган ва ривож топ­ган. Ана шу улкан тажрибага таянган ҳолда ҳар икки давлат ҳудудида янги ерларни ўз­лаштириш, ирригация ва мелиорация, ер-сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдала­ниш, аграр тармоққа рақамли технологиялар, инновация ютуқлари ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжуд.

Тожикистон ўзида ишлаб чиқарилмайди­ган тайёр маҳсулотлар, хусусан, автомобиль, маиший техника, айниқса, кир ювиш маши­наси, кондиционер, катта ҳажмли музлат­кич, баъзи озиқ-овқат, тўқимачилик ва кимё маҳсулотлари экспортини ошириш учун истиқболли бозордир. Қўшни давлат билан умумий чегара ва ривожланган транспорт инфратузилмаси мавжудлиги маҳсулотларни ташиш харажати пасайишига асос бўлади.

Тожикистонда гидроэнергетика иншоот­ларини биргаликда қуриш ва ишлатиш ҳамда трансчегаравий сув ресурсларидан бирга­ликда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик­ни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу йўл билан нисбатан арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ва сув ресурсла­ридан самарали фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, озиқ-овқат саноати корхона­ларини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш асосида катта миқдорда экспортбоп тайёр маҳсулотлар иш­лаб чиқариш ва уни учинчи давлатлар, жум­ладан, Афғонистонга экспорт қилиш имкони мавжуд. Бунинг учун Тожикистон билан че­гарадош ҳудудларда агрологистика марказ­лари ва омборхоналарни биргаликда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида кўп асрлар давомида барпо этилган ноёб қадимги ёдгорликлар мавжуд. Икки халқ ўртасида бу осори атиқаларни, айниқса, ислом маданиятига мансуб мажмуаларни зиёрат қилишга интилиш катта. Шу боис, мазкур соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожланти­риш учун қулай шарт-шароит яратиш, айниқса, шундай ёдгорликлар жойлашган ҳудудларга тўғридан тўғри самолёт ва автобус қатновини йўлга қўйиш иқтисодий барқарорлик билан бирга ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик ру­ҳини мустаҳкамлаш, борди-келдиларни янада яхшилашга замин яратади.

Умуман олганда, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, унинг ҳаж­мини 2 миллиард долларга етказиш икки мамлакат иқтисодий ўсиши, халқларимиз фа­ровонлашувига сезиларли таъсир кўрсатади. Тожикистон Республикаси Президенти Эмо­мали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат таш­рифи ва унда қабул қилинадиган келишувлар эса икки давлат ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада кучайтириш, иттифоқчилик мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Одил ОЛИМЖОНОВ,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

маркази бош илмий ходими,

иқтисодиёт фанлари доктори,

профессор