Ўзбек ва тожик халқлари азалдан дўст, қуда-анда бўлиб яшаб келган. Тарихи ва тақдири уйқаш, тутуми, эътиқоди бир, маданияти, урф-одатлари ўхшаш халқларимиз ўртасидаги яқинлик бугун ҳам барча жабҳадаги алоқаларда намоён бўлади.
Айни жиҳатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик битимида ҳам ўз аксини топган.
Мазкур Ҳамкорлик битимини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган қўшма чора-тадбирлар режасига мувофиқ тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 24 сентябрь куни Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Махмадшо раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизга келди.
Дўстона ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлмиш мазкур учрашувдан кўзланган мақсад – Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, мамлакатимизда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро тажриба алмашишга қаратилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Тожикистон делегацияси вакилларининг мамлакатимиз касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, бунинг натижасида қатор қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг янги уфқлари очилганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг стратегик шериклик, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида тобора мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ўзаро муносабатларда эришилган улкан ижобий ўзгаришлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётгани, йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг кайфияти ҳам ижобий тарафга ўзгаргани эътироф этилди.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари амалий ҳамкорлигига ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга хизмат қилиши таъкидланди.
Меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишлар билан танишди.
Тожикистонлик ҳамкасблар бугун нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучга киргани, кўп йиллардан буён мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилганини эътироф этди. Хусусан, Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси жиҳатидан бетакрорлиги билан аҳамиятли экани, мазкур ислоҳотлар ҳар бир инсонга, унинг кундалик эҳтиёжларини ҳал этишга йўналтирилгани, энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани боис дунё ҳамжамияти эътиборини тортаётгани ва эътирофига сазовор бўлмоқда. Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида иккала томоннинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашилди.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Махмадшога юксак эҳтиром рамзи сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони топширилди.
Федерациялар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида янги меморандум имзоланди.
***
Делегация аъзолари пойтахтимиздаги “TEXNOPARK” МЧЖга ташриф буюриб, бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчилар учун яратилган шароитлар, имтиёзлар билан танишди. «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлиб, «Матонат мадҳияси» монументига гулчамбар қўйишди.
Тожикистонлик меҳмонларнинг Самарқанд шаҳрига ҳам ташрифи режалаштирилган.
Муҳаббат ЎРМОНБEКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари.