Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотланганлиги ҳақидаги телекўрсатувларни томоша қила туриб, беихтиёр илиқ хотиралар ёдимга тушди... Дарҳақиқат, Тожикистон билан яқин қўшнимиз, халқларимизнинг муқаддас ерию суви, дини бир, тарихи ва тақдири, ташвишу шодликлари муштарак. Ҳатто, ўзбек тилига муносабатлари ҳам. Бунга ўзим гувоҳман.

...Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг 2-курсини битирган икки талаба – дугонам Пўлатой Ботирова билан 1977 йилнинг ёзида Душанбе шаҳрида ўзбек тилида чиқадиган ўша пайтдаги “Совет Тожикистони” (ҳозирги “Халқ овози”) республика газетасига амалиётга отландик. На бировни таниймиз, на шаҳарни биламиз. Қўлимизда фақат факультет томонидан берилган йўлланма. Газета таҳририятига томдан тараша тушгандай кириб бордик. Мақсадимиз — журналистлик қобилиятимизни нотаниш жамоада синаб кўриш, ўзимизга ишончни мустаҳкамлаш эди. Биринчи курсда туманларда ўтказилган амалиётдан ҳар иккимизнинг ҳам кўнглимиз тўлмаган, очиғи, бироз иккиланиб қолгандик...

Бизни ўша куннинг ўзида газетанинг бош муҳаррири Ҳожи Содиқ домла жуда илиқ қабул қилди. Домланинг салобати босиб, икки дугона қаттиқ ҳаяжонга тушганимиз эсимда. Шу куни турар-жой билан ҳам таъминлашди. Эртаси куни бизни турли бўлимларга стажёр қилиб ишга расмийлаштиришди. Бундай илтифотдан бошимиз кўкка етди. Очиғи, шу баҳона бор маҳоратимизни кўрсатишга бел боғладик.

Биз роппа-роса 45 кун Душанбе шаҳрида амалиёт ўтадик ва ўша пайтда сокин ва сўлимгина бўлган ушбу масканни бир умрга севиб қолдик. Таҳририят иккинчи уйимизга, жамоа аъзолари эса энг яқин инсонларимизга айланди. Биз шу ерда журналистикага ҳақиқий меҳр қўйдик. Ўзимизга ишончимиз ортди. Жамоанинг қўллаб-қувватлаши туфайли ёшларга хос ғайрат-шижоат билан меҳнат қилдик. Душанбеда кўплаб меҳнат жамоаларида хизмат сафарида бўлиб, ўзбекларга нисбатан чексиз меҳр ва илиқликни, улкан ҳурматни ҳис қилдик. Қаерга бормайлик, бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни билишгач, оддий талабалигимизга қарамай, алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатишарди. Ўзбекчани бироз бошқача, лекин жуда чиройли ва алоҳида ҳурмат билан талаффуз қилишлари бизга завқ бағишларди. Ўзбек тилига эҳтиромнинг амалдаги гўзал ифодасини биз Душанбеда кўргандик ўшанда. Шундай мароқли муҳитда ёшлик шижоати билан ёзилган мақолаларимиз ҳам таъсирчан чиқди шекилли, уларнинг барчаси республика газетасида чоп этилди. Шу ерда биринчи маошимизни олдик, шу ерда журналистика соҳасини танлаб, тўғри қилганимизга инондик, Ҳожи Содиқ домла, таниқли шоир Ўлмас Жамол (шу таҳририятда ишлар экан) ва бошқа кўплаб ажойиб, оддий инсонлар, журналистлар (афсус, ҳозир уларнинг исм-шарифларини номма-ном эслолмайман) билан танишдик, касбимиз сир-асрорларини, ҳар битта сўзни ўз ўрнида ишлатиш ва тилга нисбатан масъулият билан ёндашишни ўргандик, қаламимиз чархланди, тафаккуримиз тиниқлашди, меҳнатимиз самарасини кўрдик, икки халқ ўртасидаги чексиз ҳурмат-эътибор, самимиятга ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Амалиёт тугагач, бизни янаҲожи Содиқ домланинг яна ўзлари қабул қилиб, бизнинг камтарона меҳнатимизга юқори баҳо бердилар ва журналистиканинг ҳам шарафли, ҳам машаққатли касб эканлиги, бу соҳада фақат муносиблар ишлаши кераклиги, касбни доимо эъзозлаш ва, энг муҳими, журналистнинг қуроли бўлмиш она тили, хусусан, ўзбек тилига нисбатан чуқур ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришимиз кераклиги ҳақида оталарча насиҳат қилдилар.

Биз икки дугона Душанбега ўзимизга ишониб-ишонмай, ҳаваскор қаламкашлар сифатида борган эдик, Тошкентга ҳақиқий журналист бўлиш ва халқимизга шу соҳада хизмат қилишдек эзгу ният билан қайтдик. Тожик халқининг биз ўзбекларга муносабати, газета таҳририятидаги ажойиб жўшқин муҳит ва таниқли журналистлар – “сўз заргарлари”нинг ибрати, душанбеликларнинг ўзбекларга, ўзбек тилига муносабати биз учун катта ҳаётга ишончли йўлланма берди. Душанбедаги амалиётимизни ҳали ҳануз фахр-ифтихор ва илиқ бир самимият билан эслаймиз.

Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи давом этаётган кунларда янги Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг янги модели янада ривожланаверсин, дегим келади. Энг муҳими, ҳар икки давлат раҳбарларининг барча саъй-ҳаракатлари ва амалий ишлари халқларимизнинг манфаати, меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшашдек азалий орзуси ва самимий интилишларига тўлиқ мос келади. 

 Улбўсин АБДУМАЛИКОВА,

“Ижтимоий фикр” республика

 жамоатчилик фикрини ўрганиш

маркази директори маслаҳатчиси