Учрашувда “Vatan Danışmanlık” консалтинг компанияси вакиллари меҳнат миграцияси соҳасида икки томонлама алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирди.

Хусусан, автомобиллар ва маиший техникалар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш масаласини муҳокама қилишга тайёр Туркиянинг йирик завод ва фабрикалари билан музокаралар ўтказилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, компания томонидан иш изловчи ва иш берувчилар ўртасида онлайн воситачилик хизматларини кўрсатадиган махсус платформа ишга туширилган.

Яқин кунларда турк, ўзбек ва инглиз тилларида худди шундай платформа иш бошлайди. Унда Туркиянинг 140 мингдан ортиқ иш берувчи ташкилотлари маълумотлари ва ишлаш истагидаги шахсларнинг сўровномалари базаси мавжуд бўлади. Учрашувда мазкур маълумотлар базасига Ўзбекистон фуқароларини ҳам киритишга келишиб олинди.

Келишувга кўра, компания доимий равишда фаол иш берувчилар маълумотлар базасини тўплайди ва янгилайди. Белгиланган тартибда Ўзбекистон меҳнат бозорида ишчиларни излайди, номзодларнинг тажрибаси ва вазифага мувофиқлигини текширади. Бундан ташқари, компания Ўзбекистон фуқаролари учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш, ишлаш ва яшаш учун рухсатномалар ҳамда суғурта олишда ёрдам беради.

Шунингдек, компания иш берувчилар талабларига мувофиқ, ходимларни онлайн ўқитиш, аниқ йўналишлар бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Компания юрист ва менежерлари белгиланган мезонларга мувофиқ мутахассисларни танлайди, уларнинг билими ва малакаси текширади, меҳнат шартномаларини тузади.

“Vatan Danışmanlık” вакиллари меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон меҳнат бозорини ўрганиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюриш истагини билдирди.