Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми салкам уч баробар ўсди. Ҳатто мураккаб пандемия шароитига қарамай, 2020 йилда ҳам ушбу ижобий динамика сақлаб қолинди.
Куни кеча Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бошчилигидаги делагациянинг мамлакатимизга ташрифи жуда самарали якунланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Пандемияга қарамай, Венгриядан шундай катта делегациянинг Ўзбекистонга келгани икки юрт ўртасида ўзаро ҳурмат даражаси юқори эканидан далолат беради. Венгрия ҳам, Ўзбекистон ҳам ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани ташриф давомида ҳар қадамда яққол сезилиб турди.
Венгрия билан ҳамкорликнинг мамлакатимиз учун нечоғли муҳим аҳамияти тўғрисида Президентимиз қуйидагиларни алоҳида таъкидлади: “Мақсадимиз - мамлакатларимиз ўртасида савдо мувозанатини тиклаш, ўзаро савдо ҳажмини ҳозирги кўрсаткичлардан икки-уч баробарга ошириш. Венгрияга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш, ўз навбатида, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга тайёрмиз. Будапешт шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу борада дадил қадам бўлади”.
Ташриф доирасидаги музокаралар жараёнида турли йўналишларда, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, олий таълим, спорт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Музокаралар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан томонидан икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация, шунингдек, турли вазирлик ва идоралар ўртасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатнинг имзоланиши келгуси ҳамкорлик учун қулай имкониятлар яратилаётганидан далолат беради.
Хуллас, Виктор Орбан бошчилигидаги делагациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўзбек-венгер алоқаларини чуқурлаштириш ва юқори даражага кўтариш сари муҳим қадам қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Ш.Мирзиёев ва В.Орбаннинг бевосита саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ўзаро муносабатларда янги саҳифа очилди. Эндиликда эришилган аҳдлашувларнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш лозим. Бу вазифа биз, депутатларнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, ўзбек-венгер стратегик ҳамкорлиги келгусида икки халқни бир-бирига янада яқинлаштириш, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимиз тараққиётини юксалтиришга хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари