Айнан мазкур йўналишда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшни давлатлар билан транспорт йўлакларини янада диверсификация қилиш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш, юкларни транзит қилиш тартибини соддалаштириш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йил 26-27 март кунлари Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистоннинг йирик транспорт-логистика компаниялари, Халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси ҳамда транспорт ва божхона идоралари вакиллари иштирокида Термиз шаҳрида транспорт масалалари бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари О. Чориев иштирок этди.
Учрашув давомида минтақа мамлакатлари бўйлаб халқаро юк ташишни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари, шу жумладан ҳайдовчилик гувоҳномаларини, эмланганлик тўғрисида сертификатларни ўзаро тан олиш механизмлари, шунингдек, визалар бериш тартиби муҳокама қилинди. Покистон томони бир қатор божхона тартиботларини рақамлаштиришни таклиф қилди. Бу юк ташувчилар томонидан божхона назоратидан ўтишининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлайди.
Тадбирда терминаллар ўтказувчанлик имкониятларини ошириш, белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиб кетган транспорт воситалари учун жарималарни қўллаш тартибини кўриб чиқиш ва ўз фаолияти давомида транспорт ва логистика компаниялари дуч келадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.