Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, халқимизга хос бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида амалга оширилган мазкур ташаббус доирасида 17 та юк машинасида жами 300 тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, буғдой, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқатлар, ярим тайёр гўшт маҳсулотлари (тушёнка), шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари ва йирик ҳажмли сув идишлари ўрин олган.
Юкларни расман топшириш маросими Ҳайратон шаҳридаги “Astras” компанияси ҳудудида бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Балх вилояти губернатори ўринбосарлари Мавлавий Абу Идрис ва Нурулҳодий Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва халқига афғон халқига кўрсатилаётган доимий эътибор, амалий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Рамазон ҳайити муносабати билан табриклар йўллади.
Қайд этилишича, мазкур инсонпарварлик ёрдами икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.