Учрашув чоғида академик ва эксперт-таҳлил доиралари ўртасида Ўзбекистон-Австрия ҳамкорлигини кенгайтириш, иқтисодий тадқиқотлар соҳасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, улкан сармоявий салоҳият ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти доирасида хорижий ишбилармон учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

M. Холзнер Австриянинг эксперт-таҳлил доиралари ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ва унинг минтақадаги ижобий ташаббусларнинг «ҳаракатлантирувчи кучи»га айланган иқтисодий салоҳиятини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, Вена халқаро иқтисодий тадқиқотлар институти илмий-таҳлилий ишларининг асосий истеъмолчиси Европа ташқи алоқалар хизмати ҳисобланади. Австрия институти директори Евроосиё минтақаси мамлакатларининг макроиқтисодий тадқиқотлар натижаларига йирик глобал иқтисодий субъектларнинг талаби тобора ортиб бораётганини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, ўз институти ва Европа ташқи алоқалар хизмати, шунингдек, Европа давлатлари Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг устувор йўналишларини аниқлашдан манфаатдордир.

Мулоқот чоғида Вена халқаро иқтисодий тадқиқотлар институти ва Ўзбекистоннинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Тўпланган тажриба, шунингдек, ҳар икки томонда мавжуд бўлган салмоқли салоҳият ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бериши таъкидланди.

1972 йилда ташкил этилган Вена халқаро иқтисодий тадқиқотлар институти Австриянинг етакчи ақл марказларидан бири ҳисобланади. Институт Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа, шунингдек, жаҳон иқтисодиётида муҳим роль ўйнайдиган минтақалар ва мамлакатларни ўрганишга ихтисослашган.

2021 йилда «Global Go To Think Tank Index» индекси рейтингида институт «Ички иқтисодий сиёсат бўйича энг яхши таҳлилий марказлар» йўналишида учинчи ўринни эгаллади.