Унда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорлик истиқболлари хусусида атрофлича фикр юритилган.
Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси раҳбарининг сўзларига кўра, 2019 йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёев БААга буюрган илк расмий ташрифи давомида икки томонлама муносабатларга мустаҳкам пойдевор қўйилди. Мазкур олий даражадаги ташриф давомида Амирликлар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди ва қатор икки томонлама келишувларга эришилди.
Элчининг айтишича, ушбу ташрифдан олдин икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми у қадар катта эмас эди. Бироқ 2019 йилнинг мартидан 2021 йилнинг августигача БААдан Ўзбекистонга киритилган сармоялар ҳажми 4,5 миллиард долларга етди. Ушбу рақамлар фақат амалга оширилаётган лойиҳаларга тегишли.
Суҳбатда энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасида лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланган. Ўтган ой охирида Абу-Дабининг «Масдар» компанияси томонидан қурилган Ўзбекистондаги биринчи 100 Мвт қуёш электр станциясининг очилиши бўлиб ўтди.
Элчи, шунингдек, туризм фаол ҳамкорликнинг яна бир соҳаси эканини қайд этган. Чунки иккала мамлакат ҳам ноёб ташаббусларни таклиф қилиши мумкин. Унинг айтишича, туризм ва бизнес мақсадида мамлакатимизга келган БАА фуқаролари учун визасиз режим жорий этилган.
Суҳбатда Ўзбекистоннинг «ЭКСПО 2020 Дубай» кўргазмасидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланганидек, ушбу кўргазмада Ўзбекистон биринчи марта иштирок этяпти. Миллий павильонда мамлакатнинг тарихи, бугуни ва келажагини намойиш этувчи учта ҳудуд жойлаштирилади. Ўзбекистон бўлмасига ташриф буюрувчилар ноёб ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлади, деб хабар беради «Дунё» АА.